Технология | 13:26 / 13.10.2019
4059
2 дақиқада ўқилади

Дастурчилар учун энг катта конференция – «GDG DevFest» Тошкентдаги Инҳа университетида бўлиб ўтади

Конференция бутун Марказий Осиё бўйича энг йириги бўлиши кутилмоқда.

DevFest - бу Google компанияси кўмаги остида ташкил этиладиган ва бутун дунё бўйлаб GDG (Google Developers Group) ҳамжамиятлари томонидан ўтказиладиган қатор тадбирлар бўлиб, унинг асосий мақсади етакчи дастурчилар ўртасида тажриба алмашиш ва Google томонидан ишлаб чиқилган илғор технологиялар билан танишишдир.

Бу йилги DevFest конференциялари дунёнинг 143 та шаҳрида ўтказилиши ҳамда унда 125 000 дан ортиқ иштирокчилар ташриф буюриши режалаштирилган. Шу жумладан, Ўзбекистон пойтахтида ҳам ушбу улкан тадбир иккинчи марта Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтади.

Тадбир ташкилотчиларининг Kun.uz`га маълум қилишларича, конференция кўплаб дастурчилар, лойиҳа менежерлари, таҳлилчилари ва бошқа IT мутахассисларини бирлаштиради.

GDG Tashkent томонидан ташкил этилаётган тадбирда Web, Mobile ва Cloud соҳаси бўйича кўплаб халқаро ва маҳаллий маърузачилар тақдимотлари бўлиб ўтади.

Қайд этилишича, бу йилги конференцияда Google технологиялари иштирокидаги ишланмалар бўйича техник экспертлардан ташқари, лойиҳаларни ривожлантириш ва ишлаб чиқиш соҳасидаги мутахассислар ҳам сўзга чиқадилар – уларнинг барчаси ўз тажрибалари ва инновациялари билан бўлишишади. 

«GDG DevFest Tashkent 2019га ташриф – бу бебаҳо тажриба орттириш, янги технологиялар ҳақида янада чуқурроқ ўрганиш, тренддаги технологиялар бўйича ўз маҳоратингизни ошириш, ҳамкасблар билан янги маҳсулотларни муҳокама қилиш ва йирик IT-ҳамжамияти аъзоси бўлиш имкониятидир», – дея қайд этди Инҳа университети вакили.

Қатнашчилар норасмий муҳитда турли соҳалардаги сўнгги технологик тенденциялар ҳақида ўз соҳаси мутахассислари билан суҳбатлашиши ва қизиқтирган саволларига жавоб олиши мумкин.

Конференцияда қатнашиш бепул. Конференция учун рўйхатдан ўтиш тез орада бошланади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид