Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш масалалари юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари 12 октябрь куни Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинди.
Сенат раиси Танзила Норбоеванинг фикрича, бу йўналишдаги профилактика ишлари мутлақо талабга жавоб бермайди.
«Ҳудудларимизда оммавий заҳарланиш ҳолатлари тез-тез кузатилиб турибди. Куни кеча Самарқанд шаҳри ва Андижон туманида, ундан олдинроқ Бекободда овқатдан оммавий заҳарланиш кузатилганидан яхши хабардорсиз.
Биз парламент аъзоларини ташвишга солаётган нарса шуки, ҳозирда овқатдан оммавий заҳарланишларнинг фақатгина оқибатларини бартараф этиш билан чегараланиб қоляпмиз. Бу йўналишдаги профилактика ишлари ҳали мутлақо талабга жавоб бермайди.
Аслида овқатдан оммавий заҳарланиш деган гап – бизнинг Ўзбекистон учун жуда ҳам уятли ҳолат. Чунки халқимиз азал-азалган тоза, покиза ва ҳалол овқатланишга жуда катта эътибор беради. Бироқ айрим тадбиркорлар мўмай даромад илинжида ушбу масалага панжа орасидан қараяпти. Улар мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган кафолатларнинг асл моҳиятини англаб етмаётгани оқибатида бундай ҳолатлар республикамизда деярли ҳар куни учраб турибди.
Ўз навбатида аҳоли, айниқса ёшлар ва болалар соғлом овқатланиш маданиятига риоя этмаётгани ҳам ташвишли ҳолатдир», – дея фикр билдирган Норбоеванинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Ялпи мажлисда қайд этилишича, айни мавзу юзасидан ҳукуматга парламент сўрови юборилгач, сентябрь ойида президент фармони қабул қилиниб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилган.
Шунингдек, ҳудудлардаги санитария-эпидемиология масалаларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш мақсадлари учун 6,5 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган.
Ҳукумат қошидаги янги инспекция бошлиғи Нурмат Отабеков ҳам Сенатда сўз олиб, оммавий заҳарланиш ҳолатлари ҳақида маълумот берди.
«2019 йилнинг 10 ойи ичида 28та оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Натижада 424 киши жабрланди. Энг ачинарлиси, жабрланганларнинг 206 нафари – болалар. Айнан таълим муассасаларида 11та ҳолат кузатилиб, уларда 333 киши жабрланди.

















