Тошкентда педиатрларнинг VIII съезди ўз ишини бошлади. Унда Россия, АҚШ, Германия, Италия, Литва, Туркия, Болгария, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа хорижий мамлакатлардан 60дан ортиқ таниқли олимлар, етакчи мутахассис ва шифокорлар иштирок этмоқда.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сўзга чиқди.

«Таъкидланганидек, болаларга педиатрия соҳасида ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш учун юртимизда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази билан бир қаторда Перинатал, Скрининг, Аҳоли репродуктив саломатлик марказлари ва унинг қуйи тизимлари ҳам ташкил этилди.
Сўнгги уч йилда ушбу тизимда рўй берган ўзгаришлардан бири шуки, эндиликда қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокорлари қаторида педиатр, терапевт, гинеколог, стоматолог ва УТТ шифокори каби тор мутахассислар тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда болаларда учрайдиган хирургик касалликлар, жумладан, кардиохирургия, оториноларингология, нейрохирургия ва бошқа соҳаларда туғма ва орттирилган касалликларда реконструктив-тикловчи ва эндоваскуляр операциялар муваффақиятли ўтказилмоқда.
Ушбу йўналишда тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва мутахассисларнинг малакасини оширишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги икки ярим йил ичида 150дан ортиқ мутахассис Россия, АҚШ, Германия, Италия, Япония, Австрия, Жанубий Корея, Хитой, Болгария, Словакия, Чехия, Туркия, Беларусь, Украина сингари хорижий мамлакатларнинг етакчи университет ва клиникаларида малака оширди.

Тиббиёт тизимида амалга оширилган бундай муҳим ислоҳотлар натижасида гўдаклар, неонатал ва болалар ўлими кескин камайиши кузатилди. Сўнгги уч йил ичида гўдаклар ўлими 11,4 промиллидан 9,9 промиллига камайди.
Съезд ишида 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясига кўра ҳудудлар миқёсида муаммолар муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар режасига ва ҳудудларда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш ҳамда республикада педиатрия хизматини ривожлантиришнинг асосий тенденциялари, истиқболлари ва уларга эришиш йўлларини белгилашга, янги ишлаб чиқилган инновацион технологиялар ҳамда уларни амалиётга кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
















