Айни пайтда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва тегишли ташкилотлар томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда қонуннинг янги таҳриридаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди.
- Реклама давлат тилида берилиши мажбурий бўлади
– Янги таҳрирдаги қонунда ўзгариши мумкин бўлган асосий жиҳатлар нималардан иборат?
– Биринчи навбатда реклама тили ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу нарса ҳануз кўпчилик ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Айрим фуқаролар, маркетологлар реклама тилини чеклашга қарши чиқишади. Хоҳлаган одам японча, корейсча, русча реклама бериши мумкин дейишади.
«Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 30 йил бўлганига қарамай, ҳануз реклама тилини аниқ қилиб белгилаб олмадик. Кўпчилик МДҲ давлатларида эса айни пайтда реклама давлат тилида берилиши амалда белгилаб қўйилган.
Айни пайтда бизда ҳам «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририга рекламаларнинг давлат тилида берилиши зарурлиги ва реклама берувчи хоҳишига кўра уни исталган тилда такрорий вариантини ҳам эълон қилиш мумкинлиги ҳақида ўзгартириш киритмоқдамиз.
Лекин асосий талаб – ўзбек тилидаги варианти, албатта, бўлиши зарур.
Бундан ташқари, болалар учун мўлжалланган маҳсулотлар рекламасига айрим талаблар қўшиляпти. Масалан, турли озиқлантирувчи бўтқалар рекламасига «Она сутидан фойдаланиш зарур» деган мазмундаги иборани қўшамиз. Чунки бу каби маҳсулотларни асосан оналар харид қилади. Шунинг учун бу эслатма фойдадан холи бўлмайди.
- Яширин рекламага рухсат берилади
Ўзгаришлардан яна бири – «Product placement»га рухсат берилаётгани. Бу атама, мисол учун, битта кўрсатувда бошловчининг қайсидир бренд маҳсулотини яширин реклама қилиб беришига нисбатан ишлатилади. Бунда бошловчи битта компаниянинг соатини тақиши ёки бренд номи туширилган бирор буюмидан фойдаланиши мумкин.















