Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ва қурғоқчилик ҳукм сурувчи бу мамлакат Танзания, Руанда ва Конго билан чегарадош. Бу ерда ажабланишга сабаб бўлувчи ҳеч қандай табиий бойликлар ҳам, табиат инъомлари ҳам йўқ. Қачонлардир бор бўлганлари инсон омили натижасида бой берилган. Аҳолиси — 12 млн киши. Асосий халқи — хуту, тутси, лингала ва тва.

Тарихи

Европанинг миссионерлари бу ерларга илк марта XIX асрнинг сўнгги йилларида кириб борган бўлса,  у вақтгача Бурунди мустақиллик қироллик сифатида қарийб 200 йил давомида мавжуд бўлган. Аммо ХХ аср бошларида бу ҳудуд Германия томонидан колонияга айлантирилади, Биринчи жаҳон урушидан кейин эса Бельгия қўлига ўтади. Мустамлакачилар ушбу мамлакатни қўшни Руанда билан ягона қарам ўлка сифатида бирлаштиришга кўп уринишади. Давлат 1962 йилда мустақилликни қўлга киритганда дастлаб монархия сифатида бошқарилади, аммо тўнтаришлар, зўравонликлар ва минтақавий номутаносиблик 1966 йилда якка партияли республика шаклланишига олиб келади. Ўтган асрнинг етмишинчи ва тўқсонинчи йилларда фуқаролар уруши ва геноцид рўй берган.

Француз тили расмий мақомга эга, аммо амалиётда жуда кам сонли одам бу тилда гапира олади. Шунингдек, тил бу ерда кучли ўзгаришларга учраган, ҳақиқий французларнинг ўз тилини маҳаллий аҳоли талаффузида тушуниб олиши осон бўлмайди.

Қашшоқлик, инфраструктуранинг ёмонлиги, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими чекланганлиги, тўйиб овқатланмаслик, сиёсий беқарорлик ва ишсизлик бурундиликлар дуч келадиган асосий муаммолар ҳисобланади. Маҳаллий аҳолининг ярмидан кўпи мутлақ қашшоқликда яшаб келмоқда. 2018 йилда Жаҳон бахт ҳисоботига кўра, Бурунди аҳолиси сайёрамизнинг энг бахтсиз одамлари деб тан олинган.

Фактлар

Пойтахт Бужумбурадан Гитегага кўчирилган

2019 йил январь ойида Бурунди парламенти урбанизация ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадида пойтахтни Бужумбура шаҳридан Гитегага кўчириш учун овоз берди. Бужумбура мустақилликка эришилган даврдан бери пойтахт бўлиб келган. Пойтахтни ўзгартириш ҳақида биринчи марта 2007 йилда президент Пьер Нкурунзиза таклиф киритганди. Маълумот учун, Бужумбура сўзи «картошка сотилувчи бозор» таржимасини беради.

Давлат бюджетининг деярли 6 фоизи мудофаа учун сарфланади. Ҳукумат буни минтақадаги вазият беқарорлиги билан изоҳлайди.