14 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти «Avto oltmish oy» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми, яъни пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини текшириш мақсадида жиноят иши қўзғатганди.

Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда «Avto oltmish oy» МЧЖ вакиллари ва мижозлари томонидан жамият раҳбари Жамшид Баҳодировни озод қилиш тўғрисида видеомурожаатлар пайдо бўлди. Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти бўлими бошлиғи Азизбек Долиходжаев билан суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, МЖЧ 17 минг одам билан автомобиль олиб бериш бўйича шартнома тузган, бу одамлардан 40 миллиард сўмга яқин маблағ йиғиб олинган, Жамшид Баҳодиров эса бу пулларнинг 3,6 миллиард сўмдан ортиқ бошқа мақсадларда ишлатиб юборган.

«UzAuto Motors» компаниясининг Ички ишлар вазирлигига йўллаган мурожаати юзасидан вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми, яъни пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини текшириш мақсадида жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида фуқароларнинг мол-мулкини жиноий тажовуздан ҳимоялаш ва «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти шаффофлигини ўрганиш мақсадида, молия-хўжалик фаолияти ҳужжатли тафтиш ўтказиш йўли билан текширилади.

Азизбек Долиходжаев
Айни вақтда «Avto oltmish oy» масъулияти чекланган жамиятининг бош офиси ва вилоятлардаги филиалларида мавжуд бухгалтерия ҳужжатларини аниқлаб олиш мақсадида тергов гуруҳлари томонидан тинтув-тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
















