Самарқанд сайёҳлар учун жуда қулай шаҳар. Чунки унчалик катта бўлмаган кўҳна шаҳарни пиёда айланиш ҳам мумкин. Ихчамлиги билан сайёҳларга қулайлик яратадиган Самарқанднинг ҳозирги йўллари эса одамлар учун қулай деб бўлмайди. Тўрт томон қазилган, жуда кўп йўллар ёпиқ, машиналар сигнал бергани-берган, одамлар йўл тополмай ҳалак... Хуллас, шаҳар йўллари қазилгани одамларни қийнаб қўйган. Бу ёпиқ кўчалар қачон очилади?

Шаҳар кўчалари нега қазилаётгани маълум. Самарқандда 2022 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилади. Шу боис, шаҳар бу улкан тадбирга тайёр ҳолатга келтирилиши керак. Аммо тайёргарлик ўнлаб кўчаларни бир вақтнинг ўзида ҳаракатланиш учун яроқсиз қилиб қўйиш эвазига амалга оширилиши керакми? ШҲТ саммитига тайёргарлик тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳам Самарқанддаги ҳамма йўлларни бир вақтнинг ўзида ёпиб қўйиш керак дейилмаган.

Келинг, шаҳардаги қайси катта йўллар айни дамда ёпиқлиги ҳақида гаплашсак. Шаҳар чеккасидаги бир йўлнинг ёпилиши юз минглаб одамларга қийинчилик туғдирмоқда. «Кафтархона» автостанциясидан Тойлоқ ва Ургут туманларига олиб борадиган асосий йўл ёпиб қўйилган. «Пулимуғоб» маҳалласи ҳудудидаги кўприкда қазиш ишлари олиб борилмоқда. Маълум бўлишича, у ерда электр симлари олиб ўтилаётгани сабаб йўл тўсиб қўйилган. Шу боис 500 минг одам яшайдиган Ургут туманига, 200 мингга яқин одам яшайдиган Тойлоқ туманига борадиганлар сарсон-саргардон бўлиб, айланиб юришибди.

Ўша кўприкнинг устини қазиш бошланганда йўлнинг бир чеккасидан машиналар бинойидай ўтиб турганди, аммо 3 кундан буён йўл негадир буткул ёпиб қўйилган. Шу боис Ургут ва Тойлоққа «Кафтархона» автобекатидан қатнайдиган маршрутлар Ўзбекистон маҳалласи орқали 3-4 километр ортиқча йўл юриб боришга мажбур бўлмоқда. Ҳайдовчиларнинг айтишича, аҳвол шундайлигича қоладиган бўлса, йўлкира нархи яна кўтарилади.

Навбатдаги нобоп йўл Жўрақулов кўчасида. Бу ердаги йўлнинг ҳолатини тушуниш мумкин, чунки эшкак эшиш канали атрофидаги туристик зонага олиб борадиган бу кўча снос орқали кенгайтирилмоқда. Йўл устидаги одамларнинг уйлари деярли бузиб бўлинган, аммо йўл қурилиши ҳали бошланмаган. Йўлнинг ҳозирги ҳолати эса жуда ёмон. Бу йўлдан ҳам минглаб одамлар фойдаланади ва ўша ҳудудда яшаётганлар шаҳар марказига боришда қийналмоқда.


























