Жамият | 14:47 / 24.10.2019
9745
3 дақиқада ўқилади

Навоийда «Меҳрибон юрак» хайрия акцияси ўтказилди – фото

Акциядан кўзланган мақсад юрак хасталигидан азият чекаётган болаларни даволаш, зарур бўлса жарроҳлик амалиёти ўтказиш орқали соғлом ҳаётга қайтаришдан иборат.

Навоий вилояти бўйлаб эзгулик, яхшиликка йўғрилган «Меҳрибон юрак» хайрия акцияси эълон қилинган бўлиб, у республикада, хорижда таълим олаётган ўзбек ёшлари томонидан ҳам илиқ кутиб олинди ва тарғиб қилинди.

Вилоятда уч юз нафарга яқин боланинг юрак хасталигидан азият чекаётганлиги, уларнинг аксарияти кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзанди эканлиги мазкур акцияга туртки берган эди. Ундан кўзланган мақсад мазкур болаларни даволаш, зарур бўлса жарроҳлик амалиёти ўтказиш орқали соғлом ҳаётга қайтаришдан иборат.

Навоий вилоят ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг «Меҳрибон юрак» хайрия акцияси минг-минглаб хайрихоҳларни ўз атрофига бирлаштирмоқда.

Италиянинг «Сорин» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий тиббиёт жиҳозидан дунёдаги етакчи тиббиёт муассасаларининг шифокорлари юрак жарроҳлигида кенг фойдаланишади. Бундай ускуналар билан дастлаб пойтахтдаги клиникалар таъминланган бўлса, бугунги кунда Наманган, Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги тиббий муассасаларда ҳам унинг ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.

Мазкур ускуна Навоий вилоятига ҳам олиб келинди. Жарроҳлик амалиётлари мутлақо бепул амалга оширилади. Ҳомийлик маблағлари юрак хасталигига чалинган болаларни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш ва кейинги муолажаларга йўналтирилади.

Бугунги кунга қадар акция доирасида Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларидан келган ёшларнинг 20 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди ва шифокорлар томонидан хулосалар берилди, 8 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.

Бундан ташқари, ихтиёрий беғараз қон топшириш акциясида ҳам 200 нафардан ортиқ турли соҳа ходимлари, ёшлар иштирок этгани қувонарли.

Лойиҳа доирасида юриш марафони, спорт мусобақалари, расмлар танлови каби ўнга яқин тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Минглаб ёшлар, кенг жамоатчилик иштироки таъминланди. Нуронийлар ва ёшларнинг Хива шаҳрига саёҳати ҳам акция доирасида ташкил этилди.

Бардошбек САМАД ўғли тайёрлади.

Мавзуга оид