Ижтимоий тармоқларда Сирдарë вилоятидаги ҳайдовчилар ишлаб чиқарилганига 15 йилдан ошган машиналарга йўловчи ташиш тақиқланиши мумкинлиги юзасидан норози бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Транспорт вазирлиги мазкур муаммо бўйича расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, 2019 йил 21 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Йўловчиларни автобусда ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 424-сон қарори қабул қилинди.

Қарорнинг 1-бандига мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловчиларни ташишга лицензия карточкалари берилишига йўл қўйилмаслиги ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловчиларни ташиш тақиқланганлиги белгиланган. 

“Юқоридаги қарорнинг қабул қилиниши ортидан айрим транспорт уюшмалари ва уларга аъзо ҳайдовчилар ўртасида энди фойдаланиш муддати 15 йилдан ошган микроавтобусларга ҳам лицензия бериш тўхтатилади, деган нотўғри фикр юзага келган. Ана шундай ҳолат Сирдарё вилоятида кузатилди. Вилоят транспорт бошқармаси раҳбарияти томонидан ушбу қарор мазмун-моҳияти транспорт уюшмалари раҳбарларига тўлиқ тушунтирилмаганлиги қолаверса, лицензия бериш жараёнида ортиқча сансоларликка йўл қўйилиши микроавтобус ҳайдовчиларининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарди”, - дейилади вазирлик баёнотида.

Билдирилишича, ушбу ҳолат юзасидан Транспорт вазирлигининг Автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти ва Юридик бошқармаси вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ жорий йилнинг 5 октябрь куни Сирдарё вилояти транспорт бошқармасида йўловчи ташувлари соҳасида фаолият юритиб келаётган уюшма раҳбарлари ва ҳайдовчилар билан сайёр қабул ўтказди. 

Қабул давомида иштирокчиларга қарорининг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Қатнашчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди. 

“Ҳайдовчилар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда улар лицензия варақалари олиш учун ўзи аъзо бўлган уюшмалар орқали ҳудудий транспорт бошқармасига белгиланган тартибда ариза билан мурожаат этмагани ойдинлашди. 

Ишчи гуруҳи томонидан барча ҳайдовчиларга лицензия олиш тартиб қоидалари яна бир бор батафсил тушунтириб ўтилди ҳамда вилоят транспорт бошқармасига барча уюшма раҳбарларига бу каби масалаларда ҳайдовчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб бориш ва келиб тушган аризалар бўйича ўз муддатида лицензия варақаларини тақдим этиш бўйича кўрсатма берилди.