Мингбулоқ туманидаги таъмирга муҳтож кўприклар ҳақида Kun.uz`да эълон қилинган мақола юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги расмий изоҳ берди.

Изоҳда айтилишича, мақолада кўтарилган масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган ва қуйидагилар аниқланган.

«Мингбулоқ тумани, «Уюрчи-Дамкўл» МФЙ, Жийда қишлоғидаги умумий фойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган, 1960 йилларда қурилган, «Охунбобоев» канали устидан ўтган темир-бетон кўприкнинг узунлиги 42 метр, эни 7,6 метрни ташкил этади. Кўприк эгасиз, собиқ иттифоқ даврида колхоз балансида бўлган. Кўприкнинг қатнов қисми яроқли ҳолатда. Кўприкнинг чегараловчи панжара қисми бузилиб кетган, қолган қисми номаълум шахслар ёки корхона томонидан таъмирлаш баҳонасида 8-10 йиллар олдин кесиб кетилган, оқибатда кўприкнинг икки ён томони очиқ ҳолатда. Қишлоқ аҳолисининг каналга тушиб кетиш хавфи мавжуд. Юк кўтариш қобилияти ҳозирги кундаги транспорт оқими ва юклар оғирлигига ҳисоб-китоб қилинмаган.

Ўрганиш якунига кўра, кўприкнинг таъмирлаш ишлари нуқсон далолатномаси тузилди ва таъмирлаш учун бирламчи смета тайёрланди. Сметага асосан, кўприкни таъмирлаш учун 110,8 млн. сўм маблағ талаб этилади. Ушбу ишларни Мингбулоқ тумани маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши режага киритилди. Эгасиз кўприк таъмирлангандан сўнг туман Ободонлаштириш корхонаси балансига қабул қилиниши кераклиги белгилаб берилди.

Мингбулоқ тумани, Меҳнатобод қишлоғидаги умумий фойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 4Н-447 «Уйирчи қ.-Қирқчек қ.-Қолгандарё қ.» автомобил йўлининг 3+400 км.да жойлашган, 1960 йилда қурилган, «Охунбобоев» канали устидан ўтган темир-бетон кўприкнинг узунлиги 27,8 метр, эни 7,6 метрни ташкил этади. Металл сарроблар устига кўндаланг ҳолатда яхлит темир бетон плиталар ўрнатилган, бу плиталар узоқ йиллар ташқи таъсир ва оғир юк транспортларини ўтиши натижасида емирилган ва яроқсиз ҳолга келган. Юк кўтариш қобилияти ҳозирги кундаги транспорт оқими ва юклар оғирлигига хисоб-китоб қилинмаган.