Дональд Трамп ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий Сурия ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт натижасида йўқ қилингани ҳақида маълум қилди.

«Ўтган кеча АҚШ жаҳоннинг биринчи рақамли террористига нисбатан адолатни қарор топтирди. Абу Бакр ал-Бағдодий ўлди. У дунёдаги энг шафқатсиз ва зўравон террорчилик ташкилоти – ИШИДнинг асосчиси ва етакчиси эди», деди Трамп махсус мурожаатида. Трампнинг Оқ уйдаги нутқи жаҳоннинг кўплаб агентликлари томонидан трансляция қилинди.

АҚШ президентининг сўзларига кўра, экспертиза натижалари авиазарба оқибатида ўлдирилганлар орасида ал-Бағдодий ҳам бўлганини тасдиқлаган.

У ўзини портлатган

Президент ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар учун биринчи рақамли нишон бўлгани, у яшаётган жой аниқлангач, ўша уйда бўлган 11 бола у ердан чиқарилганини маълум қилган.

Трамп у қандай ўлганига аниқлик киритди. Унинг айтишича, ал-Бағдодий авиазарбалардан кейин «қўрқоқларча қочган», аммо ҳудудни туннел орқали тарк этиш учун ҳаракати муваффақиятсиз кечгач, ўз белидаги портловчи қурилмаларни портлатиб юборган. Унинг ёнида бўлган уч бола ҳам у билан бирга ҳалок бўлган.

«У охири ўлимга олиб борувчи туннель ичига додлаб бақирганича югуриб кираётганида ўлди. Бунгача воқеа жойидагилар ё таслим бўлган, ё отиб ташланган эди. Уйдан 11 нафар бола олиб чиқилди, улар жароҳатланмаган.

Туннелда фақат уч боласи билан Бағдодий қолганди. Бизнинг итларимиз уни таъқиб қилиб борганида у туннель охирига етиб қолганди. Устидаги портловчи жилетини портлатиб, ўзи ва уч боласини ўлдирди. Портлаш натижасида унинг танаси бўлакларга бўлиниб кетди.

У худди ит каби ўлди. Қўрқоқларча ўлим топди. Дунё янада хавфсизроқ», — деди Трамп баёноти сўнгида.

Трамп мазкур амалиётда иштирок этганларнинг барчасига, биринчи навбатда америкалик ҳарбийларга, шунингдек, Туркия, Ироқ, Сурия, Россия ва курдларга миннатдорчилик билдирган.

Трамп ўз мурожаатидан кейин журналистлар саволларига жавоб қайтариши асносида Сурия шимолидаги ҳаво ҳудудини назорат қилаётган Россия америкаликлар авиациясига Идлиб вилояти осмонида ҳаракатланиши учун йўлак очиб берганини маълум қилган.

«Ҳудудга учиб кириш ва ундан учиб чиқиш жуда-жуда хавфли эди. Биз жуда жиддий ҳужумга учрашимиз мумкин эди. Россия биз учиб ўтишимиз учун ўз назоратидаги айрим ҳудудларни очиб бериб, жуда ажойиб йўл тутди.

Ироқ томони ҳам жуда яхши ёрдам берди. Улар биз нима қилаётганимиз, қаерга кетаётганимизни аниқ билишмасди. Аммо Россия ва бошқа баъзи давлатлар ҳам ИШИДдан нафратланади», деди Трамп.