Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб электрон меҳнат дафтари жорий этилади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2020 йил 1 январдан қуйидагиларни таъминловчи “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини (“ЯММТ” ИДАК) жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:
иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини, шу жумладан, меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни тугатиш тартиб-таомилларини электрон рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш;
иш берувчиларнинг тузилмаси (штатлар жадвали), шу жумладан, мавжуд ва яратиладиган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш тўғрисидаги маълумотлар, ҳисобланган иш ҳақи ва жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадларига ҳисобланган солиқлар, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисобига тўловлар ҳақидаги ахборотга асосланган электрон меҳнат дафтарчасида жисмоний шахсларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва юритиш;
аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни мувофиқлаштириш даражасини ва унинг самарадорлигини ошириш учун меҳнат бозори кўрсаткичлари ҳолати ва динамикаси тўғрисидаги ахборотлардан иборат маълумотларни идоралараро тизимлаштирилган тарзда ва мунтазам равишда электрон алмашишни жорий этиш;
ходимлар ҳамда ишчиларнинг сон ва сифат таркиби, вакансиялар, шунингдек, ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисида автоматик тарзда тўпланадиган холис, шаффоф ва долзарб маълумотларни шакллантириш;
манфаатдор ташкилотларга улар ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариши учун “ЯММТ” ИДАКдан зарурий маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиш;
меҳнат ресурсларининг, хусусан, меҳнат ресурслари тоифалари, ишга лаёқатли, иқтисодий фаол ва нофаол аҳоли қатламлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари асосида пенсия ёшидаги ишлаётган шахслар ва ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида ҳар куни янгиланадиган балансини шакллантириш;









