Ўзбекистон | 10:00 / 01.11.2019
5024
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия Хавфсизлик кенгашлари ўртасида ҳамкорлик режаси имзоланди

Иллюстратив фото

Тошкентда 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аппаратлари ўртасида навбатдаги икки томонлама маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев раислигида ўтди.

Ўзбекистон – Россия маслаҳатлашувлари механизми мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни изчил, жадал ривожлантиришдек умумий мақсадга хизмат қилиши, икки мамлакат халқлари манфаатига тўлиқ жавоб бериши қайд этилди. Тинчликни таъминлашга йўналтирилгани таъкидланди.

Ушбу мулоқотлар минтақавий хавфсизликни, Марказий Осиёда, жумладан, Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда, барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.

Тадбирда, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, келажакда ушбу йўналишда ҳамкорликка оид ҳукуматлараро битим имзолашга келишиш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар хавфсизлик соҳасидаги кенг кўламли Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, шу жумладан, келажакда шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва биргаликдаги амалий ҳаракатларнинг икки томонлама ишчи механизмини такомиллаштиришга тайёр эканини тасдиқлади.

Маслаҳатлашув якуни бўйича тегишли протокол ва Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати билан Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аппарати ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи Ҳамкорлик режаси имзоланди.

Мавзуга оид