Ўзбекистон | 18:10 / 01.11.2019
14301
6 дақиқада ўқилади

Таълим соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш учун ажратилаётган маблағлар етадими? Ҳукумат вакиллари жавоб қайтарди

31 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат дастурининг 2019 йилнинг III чорагида бажарилиши бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тингланди.

Мажлисда депутат Абдурашид Абдуқодиров 3-12 фоизгача мактабларда физика, кимё каби фанлар учун лабораториялар йўқлиги, борларидаям етарлича жиҳозланмагани, шунингдек, парта ва доскалар таъминоти ҳам қониқарли эмаслигини таъкидлади. Депутатнинг сўзларига кўра, олий таълим муассасаларига қабул квоталари кўпайтирилган бўлса-да, университет ва институтларнинг моддий-техник базаси шунга мослаштирилмаган, айрим ОТМ икки сменада ишлаган тақдирда ҳам ўқишга қабул қилинган талабаларни тўла қамраб ололмайди, талабалар тураржойларининг талабдан анча камлиги ҳам талабаларнинг ҳуқуқларини чекламоқда.

«Сўнгги беш йил давомида давлат томонидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар улуши 59 фоизни ташкил қиларди. Бироқ 2019 йилда ижтимоий соҳага аввалги йилларга нисбатан бюджетдан энг кам маблағ ажратилган. Ҳукуматнинг 9 ойлик ҳисоботида 53,2 фоизни ташкил этганини кўриш мумкин. 2019 йилда таълим соҳасига ажратилган маблағлар юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал этиш учун етадими? Етарли бўлмаса, ҳукумат бу муаммоларни қандай ҳал қилмоқчи? 2020 йил қандай прогноз кўрсаткичлари учун қанақа маблағлар ажратиляпти?», дея савол билан юзланди Абдурашид Абдуқодиров.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов депутатнинг саволига жавоб бераркан, давлат бюджети шу пайтгача Президент қарори билан тасдиқланган бўлса, бу йилдан бошлаб илк бор Олий Мажлис томонидан тасдиқланаётганига урғу қаратди. Унинг сўзларига кўра, бундан буён депутатларнинг ўзи бюджет харажатларини кўриб, тасдиқлаб беради. Натижада бу қонун кучига эга бўлган ҳужжатга айланади.

Бундан ташқари, бюджетдаги ҳар бир ўзгариш, шунингдек, 10 фоиздан кўп бўлган харажатлар депутатларнинг розилигини олиб, парламент билан келишган ҳолда амалга оширилиши, халқаро тажрибадан келиб чиқиб қилинаётган бу ишлар жуда катта қадам бўлаётгани таъкидланди.

«Депутатимиз айтган муаммолар йиллар давомида йиғилиб қолган, уларни бир кунда ёки бир йил ичида бу масалани ҳал қилиш имконсиз. Буёғига 3 йиллик бюджет қабул қилиниши ҳам режалаштириляпти. 3 йиллик режа асосида. Энг асосий соҳаларимиз бўйича концепциялар ишлаб чиқилган бўлиб, уларда юқорида кўтарилган кўплаб муаммолар ечимини топган. Уч йиллик бюджетга ўтадиган бўлсак, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари уч йил давомида қайси йилда қандай йўналишдаги муаммолар ечимини топиши бўйича ҳукумат томонидан таклиф этилаётган аниқ режалар билан танишишлари мумкин. Вазирлар Маҳкамаси бу ишлар парламентнинг қатъий назорати остида амалга оширади», дея Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Ҳақиқатан йиллар давомида мактабларда эътибор бўлмагани, таълим соҳасига иккинчи даражали соҳа деб қараб келингани учун жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган. Депутатимиз фақат лабораториялар билан боғлиқ муаммоларнигина айтиб ўтдилар, бундан ташқари, мактаблардаги спорт заллари, турли тадбирлар ўтказиладиган фаоллар заллари талабга жавоб бермайди ва бошқа кўплаб муаммоларни пулга чақадиган бўлсак, жуда катта рақамлар келиб чиқади.

Айни пайтда мавжуд имкониятдан келиб чиқиб иш кўришимиз керак. Чунки бир ёқда тадбиркорларга эркинлик берайлик деб солиқ юки камайтириляпти, бу ўз навбатида маълум маънода бюджетга тушумлар камайишига олиб келаяпти. Иккинчи томондан, бизга ўхшаган ижтимоий соҳалар бюджетдан кўпроқ пул ажратилишини талаб қиляпмиз. Бу масалада оптимал ечимга келинади, албатта.

Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқчиманки, 2019 йилда мактабларни таъмирлашга, жиҳозлашга, шароитини яхшилашга ўтган йилгига қараганда 2 баробардан кўпроқ маблағ ажратилди. Кейинги йилга ҳам бошқа соҳаларга нисбатан таълимга кўпроқ пул ажратилиши назарда тутилган. Лекин бу ҳам соҳадаги муаммоларни биттада ҳал қилиш имконини бермайди. Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан хорижий кредитлар ёки хорижий грантларни кўпроқ ўрганиш ҳақида қўшимча вазифа қўйилди. Бу масалада ҳозир параллел равишда бир неча лойиҳалар кетяпти. Улардан биттаси Осиё тараққиёт банки билан Сергели туманида давлат-хусусий шерикчилиги асосида мактаблар қурилишини молиялаштиришнинг янгича тизимини жорий қилмоқчимиз. Агар ушбу тизим ўзини оқласа, қолган ҳудудларгаям татбиқ этилади», дейди вазир.

Молия вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳметов ижтимоий соҳага ажратиладиган маблағлар бюджетнинг 54-55 фоизи атрофида бўлишини айтиб ўтди.

«Олдинги йилларда бюджетнинг 59 фоизи ижтимоий соҳага йўналтириларди, деб айтилди. Тўғри, бу кўрсаткич 56-59 фоиз атрофида бўларди. Ниманинг ҳисобига? Чунки олдин махсус жамғарма бўлган, буни мактаб фонди деб атардик. Шу фонд ҳисобига ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларимиз 59 фоиз атрофида бўларди. 2019 йилдан биз махсус жамғармани ёпиб, ушбу харажатларни инвестицион харажатларга қўшганмиз. Бу ўзгаришдан кейин ҳам ижтимоий соҳага ажратиладиган маблағлар бюджетнинг 54-55 фоизи атрофида бўлади. Олдинги йиллардан нима учун кам деб сўрайдиган бўлсангиз, биз давлат-хусусий шерикчилик ва чет эл кредитларини жалб қилиб, соҳада ўзгаришлар қилиш ҳаракатидамиз», дейди вазир ўринбосари.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид