«АОКА раҳбари Комил Алламжонов ОАВ ва блогерлар тўртинчи ҳокимиятга айланиб, жамиятга таъсир ўтказа боряпти, дея фикр билдирганди. Сиз мана шу ҳокимиятни ҳис қиляпсизми?» дея суҳбатдошларига савол билан юзланган Кирилл Альтман.

Саволга жавобан, Kun.uz'нинг собиқ мухбири Алишер Рўзиохунов Ўзбекистонда матбуот тўртинчи ҳокимиятга айланмоқда, деган фикрга қўшилмаслигини билдирди. Шу билан бирга, у замонавий дунёда медиа аллақачон учинчи ҳокимиятга айланиб боряпти, деган фикрни илгари суради.

«Ривожланган мамлакатларда журналист ёзган мақола ёки блогернинг блогпостидан келиб чиқиб, ҳали суд қилинмай туриб, шахслар устидан қарор чиқариляпти», дейди Рўзиохунов.

У мисол сифатида шу йил баҳорда бўлган воқеа – Австрия вице-канцлери Хайнц-Кристиан Штрахе россиялик экани тахмин қилинган аёл билан хуфиёна учрашгани ҳақидаги видео ортидан мамлакатда муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилгани борасида гапириб ўтди.

Айни пайтда, Spot.uz бош муҳаррири Тимурмалик Элмуродов Ўзбекистонда ОАВнинг тўртинчи ҳокимият даражасига чиқаётганини сезаётганини айтади.

«Ҳақиқатан ҳам, блогерлар, оммавий ахборот воситалари қандайдир масалаларни кўтариб чиқишяпти ва бу масалалар ўз ечимини топяпти. Агар бу муаммолар кўтарилмаганда, шунчаки ўтиб кетилган бўларди.

Мисол учун, дарахтларнинг кесилиши. Блогерлар ва ОАВ бу ҳақда ёзяпти, шу боисдан ҳам қандайдир чоралар кўриляпти. Шу каби масалаларда, яъни маиший масалаларда шубҳасиз [матбуотнинг таъсири сезилмоқда]», – дейди Элмуродов.

Gazeta.uz мухбири Сабина Бакаева, Тимурмалик Элмуродовнинг фикрларига қўшилишини билдирар экан, сўз эркинлиги борасида чекловлар борлигини сезмаётганини ҳам қўшимча қилди.

«Қандайдир даражада таъсир ўтказяпмиз, менимча. Сўз эркинлигига келсак, мени нимададир чегаралаб туришганини сезаётганим йўқ», – деди Сабина Бакаева.

Repost.uz муҳаррири Али Қаҳҳоровнинг фикрича, Ўзбекистондаги кўплаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар, жамиятдаги эврилишлар журналистлар ҳиссаси билан рўй беряпти.