17:58 / 11.11.2019
2
45567

Онлайн сўровнома: Ўзбекистондаги энг яхши интернет-нашр, блогер ва Telegram-канал аниқланди

Фото: KUN.UZ

Kun.uz нашри Telegram`да ўтказилган сўровномага асосан, Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги энг яхши электрон оммавий ахборот воситаси деб топилди.

Сўровномани Sof.uz сайти ўтказди ва унда 3202 киши қатнашди. Kun.uz номзодини респондентларнинг 42 фоизи (1355 киши) қўллаб-қувватлади.

«Дарҳақиқат, айнан Kun.uz нашрининг ташкил этилиши, миллий ахборот майдонида турли хабар сайтларининг юзага келишига илҳом берган. Сайтга бир кунда 400 000 фойдаланувчи ташриф буюради», – дейилади ташкилотчи нашр изоҳида.

Иккинчи ўринни 17 фоиз (552та) овоз билан Sof.uz банд этган бўлса, юқори учликни 14 фоиз (442та) улуш билан Azon.uz якунлаб берди. Бошқа бир оммабоп янгиликлар нашри – Daryo.uz 9 фоиз (279та) овоз тўплаб, 4-ўринда қайд этилди.

Хушнудбек Худойбердиев – энг яхши блогер

Sof.uz сайти, шунингдек, 2019 йилнинг энг яхши блогери ва энг яхши Telegram-каналини аниқлаш бўйича ҳам сўровнома ўтказди.

Унга асосан, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев яққол устунлик билан Ўзбекистоннинг энг яхши блогери деб эътироф этилди.

Нурбек Алимов тахаллусига эга блогер иккинчи, Azon.uz сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад учинчи поғонани эгаллади.

«Зикр аҳлидан сўранг» – энг яхши Telegram-канал

Islom.uz сайтидаги «Зикр аҳлидан сўранг» лойиҳасининг Telegram`даги канали Sof.uz`нинг мазкур йўналишдаги сўровномасида ғолиб чиқди.

Savollar_kanal манзилидаги каналнинг 65 мингдан ортиқ обуначиси бор. 16 мингга яқин иштирокчи қатнашган сўровномада исломий саҳифа 30 фоиз овоз йиғди.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг 166 мингдан ортиқ ўқувчига эга Xushnudbek.uz канали эса 22 фоиз улуш билан иккинчи ўринни банд этди.

Учинчи поғонада 16,7 минг киши кузатадиган «Файзбоғ» канали қайд этилган. Ушбу номинантга респондентларнинг 12 фоизи овоз берган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top