Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиши масаласи борасида юқорида принципиал қарор берилганини кўрсатувчи аломатлар пайдо бўлди.

Турли давлат арбоблари ва экспертларнинг ЕОИИга кириш афзалликлари ҳақидаги асосан бир томонлама фикрлари ОАВда кенг ёритилиши шундай хулоса қилишга асос бўлади. Иттифоққа аъзолик тарафдорларининг энг асосий ва «ишонарли» аргументларидан бири бу – гўё Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, Россияда юрган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг шароитлари кескин яхшиланиши ҳақидаги фикрдир. Иттифоққа аъзолик афзаллиги бўйича келтирилаётган бошқа сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни қўйиб турайлик, келинг, айнан шу асосий аргумент сифатида келтирилаётган «мигрантларимиз ҳаёти яхшиланиши» фикри қанчалик тўғри эканлигини кўриб чиқамиз. Бунда ЕОИИга 2015 йилда аъзо бўлиб кирган, Россияда 600 мингдан ортиқ меҳнат мигранти яшаётган ва этно-маданий жиҳатдан ўзбекларга яқин бўлган қирғизистонлик фуқаролар мисолидан фойдаланамиз.

ЕОИИ товар, капитал, хизматлар ва меҳнат кучининг аъзо мамлакатлар ўртасида эркин ҳаракатланишини кўзда тутади. Демак, ташкилот низоми бўйича фуқаролар иттифоққа аъзо мамлакатлар ҳудудида маҳаллий аҳоли билан бир хил ҳуқуқларда меҳнат қилиши мумкин. Дарҳақиқат, қирғизистонликлар Россия ҳудудида патент олмай меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Патент олиш ҳар ойлик тўлов (ҳозирги кунда Москвада 5000, Санкт-Петербургда 3800 рубль) амалга оширишдан ташқари, уни қўлга киритиш учун рус тили, Россия тарихи ва ҳуқуқий асослари бўйича тест топшириш, тиббий кўрикдан ўтишни тақозо этади.

Бундан ташқари, қирғизистонликлар Россия ҳудудига киргандан кейин иттифоққа аъзо ҳисобланмайдиган бошқа МДҲ давлатлари (масалан, Ўзбекистон ёки Тожикистон) фуқароларидан фарқли равишда етти кунда эмас, балки ўттиз кун ичида яшаш жойларини қайддан ўтказишлари керак (регистрация – совет давридан қолган прописка институтининг янги шакли ҳисобланади).

Юқоридаги тилга олинган афзалликлар хақиқатан жозибадор ва миллионлаб ўзбекистонлик мигрантлар учун ЕОИИга кириш учун етарли асос бўлиб кўриниши табиий. Аслида-чи? Россия қонунчилигида ва иттифоқ низомларида акс этган бу қоидалар амалда қандай ишлайди?

Мигрантлар сони бўйича дунёда энг катта беш давлат орасига киришига қарамасдан, Россияда меҳнат муносабатларини расмийлаштирмасдан фаолият олиб бориш жуда кенг тарқалган. Умуман, МДҲ ҳудудида, шу жумладан Россияда, норасмий, «соядаги иқтисодиёт»нинг улуши катта. Бу айниқса меҳнат мигрантлари фаолият олиб борадиган соҳада жуда катта салмоққа эга. Россия расмийлари 2018 йилда мамлакатда тахминан 2 миллион «ноқонуний» (тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган) мигрант борлигини расман