Ироқда ҳам, Ливанда ҳам намойишларнинг яққол етакчилари йўқ, асосан ёшлар, қизлар ва талабалар кўчаларга чиқмоқда. Улар ижтимоий тармоқлар орқали бирлашиб, акцияларни ташкиллаштиришмоқда ва бир-бирига ёрдам беришмоқда. Улар коррупция ва ишсизликдан норозилик билдириб, ҳукуматдаги лавозимлар хизматларга қараб эмас, қайси диний гуруҳга мансублигига қараб тақсимланган тизимни айблашмоқда.

«Ироқдан Байрутга қадар - битта инқилоб, у ўлмайди», - деган шиорлар янграмоқда Байрут кўчаларида.

Ҳамма кўчага чиқмоқда

Ливанда бундай бирлашиш 1990 йилдаги урушдан бери кузатилмаганди

Ливанда кўп йиллардан бери, фуқаролик уруши давридан бери илк марта намойишлар бўлиб ўтмоқда. Қолаверса, бу сафарги намойишлар конфессия тафовутларини четлаб ўтмоқда: шиалар, суннийлар, христианлар, друзлар кўчаларга чиқди - норозилик барчани бирлаштирди. Биринчи марта ливанликлар бир миллат бўлиб бирлашишди.

Ироқда эса асосан шиалар намойиш уюштирмоқда. Аммо бу дегани мавжуд вазият бошқаларни қониқтиряпти, дегани эмас. Би-би-си эксперти, Вашингтон институтининг Яқин Шарқ бўйича тадқиқотчиси Ханин Гаддарнинг фикрича, суннийлар ўзларини ўтмишда бўлгани каби радикал диндорлар билан алоқада айблашларидан чўчишмоқда. 2013 йилда ИШИД экстремистлари минтақада мустаҳкамланиб олиш учун намойишчиларнинг чиқишларидан фойдаланишганди. Эндиликда норози суннийлар намойишларни қўллаб-қувватлашса-да, оммавий ҳаракатларга қўшилишмаяпти.

Нималар бўлмоқда?

Ҳар бир араб давлати ўзича бахтли, аммо уларнинг бахтсизликлари ўхшаш: нотенглик, қашшоқлик, ёшларнинг турмушидаги беҳаловатлик (аҳолининг 60 фоизи - 30 ёшдан кичик бўлганлар), мисли кўрилмаган коррупция, ресурслар ва бойликларнинг адолатсиз тақсимланишида элитанинг айбланиши.

Мамлакатда келажагини кўра олмаётганлар араб шаҳарларида кўчаларга чиқди.
Суратда - Бағдоддаги Таҳрир майдони

Азалдан амалда бўлиб келган ҳукумат ва халқ ўртасидаги очиқ келишув - содиқлик эвазига барқарорлик ва фаровонлик - энди йўқолди, ҳукуматдагилар берилган ваъдаларни бажармаяпти ва аҳолининг биринчи навбатдаги эҳтиёжларини ҳам қондира олмаяпти, халқ эса ўлим хавф солиб турса-да норозилигини намойиш этишдан қайтмаяпти.