Ўзбекистон | 12:53 / 12.11.2019
3940
3 дақиқада ўқилади

Парламент: НҲҲни ишлаб чиқиш, келишиш ва қабул қилиш масалалари ўнга яқин қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Парламент қуйи палатасида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Комиссия йиғилишида жорий йилнинг 26 март куни Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарорлари билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиётини амалиётда қўлланиш натижалари муҳокама қилинди.

Мазкур Ягона услубиёт парламент томонидан 60дан ортиқ вазирликлар, давлат қўмиталари ва тегишли идоралар эътиборига етказилган бўлиб, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нафақат техник жиҳатларини, балки уларда акс этиши зарур бўлган таркибий қисмларни, шунингдек ҳужжатга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материаллар мазмунига қўйилган талабларни ҳам аниқ белгилаб берилган.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларда Ягона услубиёт талабларини бажаришда айрим муаммолар ҳам келиб чиқмоқда.

Бунда Ягона услубиётнинг юридик кучи қонун даражасида эмаслиги хам сабаб бўлмоқда. Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарорларининг юридик таъсир кучи чекланган, яъни қонун даражада эмас.

Шу сабабли ушбу Ягона услубиётнинг юридик мақомини кучайтириш масаласи комиссия аъзолари томонидан батафсил муҳокама қилинди.

Комиссия, Ягона услубиётни бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирда кўриб чиқилаётган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасига илова қилган ҳолда тасдиқлашни мақсадга мувофиқ деб топди.

Йиғилишда парламент томонидан тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, идоравий ҳуқуқий ҳужжатларнинг салмоғи камаймаётгани қайд этилди. Бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, келишиш ва қабул қилиш масалалари ўнга яқин турли юридик кучга эга қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.

Бу борада Адлия вазирлиги томонидан «тартибга солиш гильотинаси» каби янги принципиал тизимни амалиётга жорий этиш мақсадида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, бугунги кунда ўз долзарблиги йўқотган 390дан ортиқ ҳужжат бекор қилинди.

Муҳокама асосида кечган йиғилиш якунида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича ишларни янада кучайтириш ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мавзуга оид