Жорий йил илк марта Ўзбекистонда умумтаълим мактабларининг рейтинги эълон қилинди. Шундан сўнг натижалар, баҳо ва рейтингнинг айрим жиҳатларига оид турли фикрлар билдирилди.
Жумладан, «Муносабат» ток-шоусининг шу мавзуга бағишланган сонида 9 нафар ўқувчиси Президент мактабига кирган Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирининг умуммиллий рейтингда нега қуйи ўринга тушиб қолгани борасида ҳам муҳокамалар бўлган эди.
Kun.uz мухбири биринчи бор ўтказилган миллий рейтинг тизими натижалари, баҳолаш мезонларининг асослари ҳақида маълумот олиш учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Феруза Мадраҳимова билан суҳбатлашди.

– Миллий рейтинг тизимини шакллантиришда нималарга асосланилди? Унинг асосий индикаторлари нималардан иборат бўлди?
– Таълим инспекцияси Халқ таълими вазирлиги билан бирга умумтаълим мактаблари рейтингини аниқлаш учун, аввало, халқаро тажрибани ўрганишни зарур деб билди. Бунда АҚШ, Япония, Россия ва бошқа рейтинг тушунчаси ўзини оқлаган ўндан ортиқ ривожланган давлатлар, қўшни мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинди.
Рейтинг – таълим муассасасида фаолият юритаётган ўқитувчилар, ушбу таълим муассасасини бошқараётган менежерлар ёки директорлар ва энг асосийси, ушбу муассасада таълим-тарбия олаётган ўқувчиларнинг билим даражаси йилдан йилга қай даражада ривожланиб бораётганини аниқлаш мақсадида йўлга қўйилган.
Мисол учун, АҚШнинг Техас штатида рейтинг имтиҳони мактабдан танлаб олинган синфда синов ўтказиш билан бўлади. Бунда мактабнинг 2 йил аввалги ҳолати қандай ва айни пайтда ривожланаётгани ёки йўқлигини таҳлил қилиш мақсадида болалардан математика ва инглиз тилидан (она тили сифатида) синовлар ўтказилади.
Бундан ташқари, муассасада фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ва менежер (директор)нинг ўзаро муносабати, мактабдаги муҳит, ота-оналарнинг мактабдаги таълим-тарбия жараёнидаги иштироки, яъни ота-она ва таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати аниқланади.
Биз ҳам соҳа мутахассислари билан муҳокамаларда Ўзбекистондаги миллий умумтаълим мактабларининг рейтингида қандай мезонлар бўлиши керак, деган саволни ўртага ташладик.










