Ўзбекистон ҳукумати вакилларидан иборат ишчи гуруҳ БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) рўёбга чиқариш юзасидан ҳозирга қадар давлат томонидан қилинган ишлар ва уларнинг самарадорлиги юзасидан кенг миқёсдаги таҳлил ─ Ихтиёрий миллий таҳлил (ИМТ)ни ўтказади.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мазкур таҳлил натижалари БРМни татбиқ этиш масалаларига бағишлаб ҳар йили ўтказиладиган юқори даражадаги сиёсий форумнинг 2020 йил июль ойидаги йиғилишида тақдим этилади.

Ихтиёрий миллий таҳлил (Voluntary National Reviews) БРМни амалга ошириш йўлида давлатнинг саъй-ҳаракатларини баҳолаш ва кейинги қадамларини белгилаш мақсадида ўтказилади. Ҳар бир давлат томонидан тақдим этилган ИМТ юқори даражадаги сиёсий форумда тингланади.

Мазкур таҳлилни илк маротаба ўтказаётган Ўзбекистон бу борада Грузия моделига асосланади. Грузия ўз ИМТини 2016 йилда муваффақиятли тақдим этган.

Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати, мамлакатдаги фуқаролик жамияти ва ОАВ вакилларидан иборат делегация жорий йилнинг 4-8 ноябрь кунлари Грузияга ташриф буюрди. Унда Грузиянинг молия, статистика, ижтимоий ҳимоя, адлия, парламент йўналишларида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёни ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш тизими бўйича батафсил маълумот олинди.

Ўзбекистон делегацияси Грузияда

Шунингдек, коррупцияга қарши кураш, аҳолига юридик хизмат кўрсатиш борасида ҳам Грузия тажрибаси ўрганилди.

Грузия Савдо-саноат палатаси вакили Диана Хомерикининг қайд этишича, Грузия ва Ўзбекистон ҳозирга қадар БРМ масаласида етарлича ташаббус кўрсатмаган.

Диана Хомерики

«Грузия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик дастури ҳар икки томон учун ҳам катта тажриба мактаби бўлди. Грузия иккинчи маротаба юқори даражадаги сиёсий форумда ихтиёрий миллий таҳлилни тақдим этади. Бу борада ўз тажрибамиз ҳамда дуч келган муаммоларимиз бўйича хулосаларни Ўзбекистон билан бўлишмоқдамиз.

Ҳозирга қадар Грузия ҳам, Ўзбекистон ҳам БРМни жорий этишда суст иш олиб борган. Аммо эндиликда БРМни татбиқ этишда фаоллашиш ва ўзаро узвий ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди. Шунингдек, ҳар икки давлат Савдо-саноат палаталари томонидан бу жараёнга фақатгина давлат ташкилотларини эмас, хусусий сектор вакилларини ҳам фаол жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди», – дейди Диана Хомерики.