Иқтисодиёт | 07:48 / 13.11.2019
29479
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши учун маблағ ажратди 

Европа иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га қўшилиши учун грант маблағлари ажратади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

2019 йилнинг 11 ноябрь куни Брюссел шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Европа комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича бош директори Коэн Доэнс «Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши» ва «Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фондига Европа Иттифоқининг тараққиёт ҳиссаси» техник ёрдам лойиҳаларини молиялаштириш тўғрисида битимларни имзоладилар.

Фото: ТИВ матбуот хизмати

Республиканинг ЖСТга қўшилиши учун ажратиладиган грант маблағлари ҳажми 5 миллион еврони ташкил этади. Лойиҳа ушбу ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида, шу жумладан зарур ҳужжатларни тайёрлаш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг ЖСТ келишувлари ва халқаро савдо тизимига оид билимларини оширишда Ўзбекистонга кўмаклашишни назарда тутади.

Кўп шериклик траст фонди лойиҳаси бўйича ажратилган маблағлар (5,2 миллион евро) фонднинг Орол денгизи минтақасидаги лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилади.

Бундан олдин, Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ЖСТга кириш бўйича музокараларни имкон қадар тезроқ якунламоқчи эканини маълум қилганди.

Мавзуга оид