Ўзбекистон | 16:39 / 16.11.2019
2959
3 дақиқада ўқилади

2020 йилдан «Очиқ маълумотлар глобал индекси» халқаро рейтингига Ўзбекистон ҳам киритилади

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

2018 йилнинг май ойидан бошлаб, Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармасининг кенгайтирилган маълумотларни тарқатиш умумий тизимига уланган бўлиб, унга кўра 24та категория бўйича 422та индикатор эълон қилиниб келмоқда.

2020 йилдан бошлаб эса «Очиқ маълумотлар глобал индекси» ва «Очиқ маълумотлар барометри» халқаро рейтингларида ҳам Ўзбекистоннинг иштироки таъминланади.

Бу ҳақда 12 ноябрь куни ўтказилган парламент эшитувида сўз борди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Давлат статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегаловга кўра, 2020 йилда маълумотларни тарқатиш махсус стандартига ўтиш борасида «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, унинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 2021 йил 1 январдан Макроиқтисодий кўрсаткичлар маълумотларини тарқатиш махсус стандартига ўтилиши режалаштирилган.

«Кейинги уч йилда статистика тизимида 6та йўналишда 17та комплекс чора-тадбир амалга оширилиши кўзда тутилган. Хусусан, тизимга Жаҳон миллий ҳисоблар тизими методологиясини жорий этиш ва «Статистикани ривожлантириш миллий стратегияси»ни қабул қилиш, шунингдек, очиқ маълумотлар порталини такомиллаштириш шулар жумласидандир», – деди Бегалов.

Парламент эшитувида депутатлар статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва очиқлигини таъминлаш, уларни жаҳон стандартларига мослаштириш масалаларига эътибор қаратди. Хусусан, маълумотлар очиқ ва ҳаққоний бўлмас экан, улар дунё оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмас экан, мамлакатда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, чет эл сармоядорларини жалб этиш қийин кечиши таъкидланди.

Савол-жавоб ва муҳокамалар чоғида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Халқаро валюта жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган Маълумотларни тарқатиш махсус стандартига ўтиши юзасидан 2019-2020 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси»нинг тўлиқ ижросини таъминлаш, давлат статистика ҳисоботи шакллари бўйича ҳисоботларни онлайн режимда топшириш имкониятини берувчи махсус дастурий таъминотни босқичма-босқич  амалиётга жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

2020 йилдан Ўзбекистон Республикасининг «Очиқ маълумотлар глобал индекси» ва БОчиқ маълумотлар барометри» халқаро рейтингларида иштирокини таъминлаш чораларини кўриш кераклиги таъкидланди.

Парламент эшитуви якунида Давлат статистика қўмитасининг мамлакатда статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ишончлилиги ва очиқлигини таъминлаш йўналишидаги фаолиятини жонлантириш, соҳага доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид