Халқимизда «Бой жиноят қилса — шўхлик, камбағал шўхлик қилса — жиноят», деган нақл бор. Бу сўзлар бежиз яралмагани-ю авлодлар оша бугунги замонамизга қадар ўтиб келаётганига сўнгги кунлардаги бўлиб ўтган воқеалар давомида яна бир бор амин бўлдик.

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар прокуратураси Олмазор ҳокимининг собиқ ўринбосари ва Kun.uz мухбири ўртасида кечган можарода нейтрал қолишни маъқул топди. А.Ваҳобовнинг мухбирга нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилгани фактини етарли даражада тасдиқловчи видео ва аудио далилларга кўз юмилди.

Шу ўринда, эътиборингизга қонунларнинг кўпроқ мансабдор шахслар манфаатлари учун ишлашини (аниқроғи фойдаланилиши) тасдиқловчи, биргина 2019 йилнинг ўзида содир бўлган олти фактни ҳавола этмоқни лозим топдим. Бу орқали ҳокимият вакиллари ёки бошқа органлар фаолиятига нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдирган шахсларга қандай чоралар қўллангани ва қўлланмаганини ёдга оламиз.

1-факт. 2019 йил сентябрь. Жабрланувчи: ҳоким

Блогер Нодирбек Ҳожиматов 2019 йил сентябрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахоновга нисбатан Шаҳрихон тумани «Қум» ҚФЙ ҳудудида «Обод маҳалла» Давлат дастури доирасидаги ишлар сифатсиз амалга оширилгани ва пуллар ўзлаштириб юборилганини айтиб унга нисбатан туҳматдан иборат хабарларни тарқатган.

2019 йил 12 сентябрь куни Шаҳрихон туман маъмурий суди қарори билан блогер ҳокимга нисбатан туҳмат (МЖтК 40-моддаси) қилган деб топилди ва унга 13 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланди.

2-факт. 2019 йил октябрь. Жабрланувчилар: ҳокимлик ва ички ишлар идоралари

Блогер Мавлонбек Аббосов ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаси орқали ички ишлар органлари ва ҳокимлик тизимини танқид қилган.

«ИИБ ходимларини, фермерларга разнорабочий қилиб бўлиб бериш вақти келмадими? 28 йилдан бери буларни халқ текинга боқяпти. ИИБ ходимлари, пахтага олиб кетишаётганидан нолиб давлатдан норози бўлибдилар. Булар давлатга хиёнатни очиқчасини бошладими дейман? Булар нима қўзғолон кўтармоқчими?» — дея изоҳ қолдирган эди Мавлонбек Аббосов 2 октябрь куни Ички ишлар органи ходимларининг пахтага чиқмаймиз, деб тарқатган видео остида.