Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мухбирларга қилган таҳдиди аудиоси тарқалгани ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарди.

Аудиода Ортиқхўжаев журналистларни маҳаллада сазойи қилишга, ҳатто жисмонан йўқ қилиб юбора олишга қодирлигини таъкидлаб ўтган.

Интернет сайтлари ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари воқеа борасида ўз фикрларини билдиришмоқда.

Qalampir.uz сайти шундай ёзади:

«Бугун ОАВ Ўзбекистонда шахсан мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев эътиборидаги соҳа. Журналистларнинг давлат ва жамиятдаги мавқейини кўтариш, ОАВни тўртинчи ҳокимият даражасига олиб чиқишни талаб қиляпти Президент. Айни шу даврда Ортиқхўжаевнинг бу хатти-ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин? Хўш, энди ким давлатга ва бугунги сиёсатга душман бўляпти, журналистларми ё Ортиқхўжаев?»

Xabar.uz сайти воқеа ҳақидаги хабарни шундай хулосалаган:

«Буни шунчаки қолдириб бўлмайди. Демак, вазият ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ойдинлик киритишни талаб қилади. Шунингдек, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги ҳам ўз муносабатини билдириши мақсадга мувофиқдир».

Партиялар иштирокидаги дебатда блогер Нозим Сафари «Миллий тикланиш» партиясидан бу борада муносабат сўради. Бироқ, партия номидан гапирганлар мавзуга мутлақо муносабат билдиришмасдан, умумий гаплар билан аравани қуруқ олиб қочишди.