Жамият | 10:21 / 19.11.2019
25693
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқароси Афғонистон ва Покистондаги террорчилик фаолияти учун 9 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: RBC/TASS

Суд “Туркистон ислом ҳаракати” ва “Хуросон вилояти ислом давлати” террорчилик ташкилотлари учун жанг қилган 33 ёшли Ботир Мадаминовга ҳукм чиқарди.

Андижон вилоятида туғилган судланувчи 22 ёшидан бошлаб отаси ва акалари билан Россияга мунтазам ишлагани бориб юрган. 2011 йилда у илк бор оиласи аъзоларисиз ишлашга жўнаб, дарҳол экстремистлар таъсирига тушган. Ботир Москва вилояти Серпухов туманидаги қурилишда ишлаш вақтида фарғоналик Абдураҳим ва андижонлик Умид билан дўстлашган. Уларнинг иккиси ҳам “Жиҳодчилик” диний-экстремистик оқимининг “Москва жамоати” аъзолари бўлишган. Ботир уларнинг таъсири остида бу террорчилик ташкилоти сафига кириб, 2011 йилнинг ўзидаёқ Покистоннинг Мир-Али шаҳрига жўнаган.

У бу ерда “Туркистон ислом ҳаракати” террорчилик ташкилотига қўшилиб, жангарилар лагерида машғулот ўтаган. Мадаминов қурол ва портловчи қурилмалар билан муомала қилишга ўргатилган. Сўнгра у “Носир” тахаллуси билан Покистон қуролли кучларига қарши жангларда иштирок этган. 

2013 ва 2014 йиллар кузида Покистон армиясининг жангарилар лагерларига авиазарбаларидан кейин жангарилар Афғонистонга кўчиб ўтган. Бу ерда Мадаминов “Хуросон вилояти ислом давлати” террорчилик гуруҳи аъзосига айланиб, 2016-2018 йилларда жангариларга озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиш билан шуғулланган.

2019 йил апрелда судланувчи Ўзбекистонга қайтарилган. Суд Мадаминовни қилмишлари учун 9 йилга озодликдан маҳрум қилишга қарор қилди.

Мавзуга оид