Жамият | 08:20 / 24.11.2019
28467
3 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти Адлия бошқармасидан ишдан ҳайдалган 5 нафар нотариат ходимлари ишга тикланди

Фарғона вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг 2019 йил 27 августдаги 209-шт-сонли буйруғи билан Фарғона шаҳридаги 6, 7 ва 13-сон давлат нотариал идораларининг уч нафар нотариуси ва икки нафар нотариус ёрдамчилари ички меҳнат тартиб-қоидаларини бир марта қўпол равишда бузганликда айбланиб, Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 4-бандига асосан ишдан бўшатилган.

Ишдан бўшатилган нотариат ходимларининг ишга тиклаш ва мажбурий прогул учун ҳақ ундириш тўғрисидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди томонидан кўриб чиқилган. Мазкур суднинг жорий йил 14-15 ноябрь кунлари чиқарган ҳал қилув қарорларига мувофиқ, Адлия бошқармаси бошлиғи Б.Хасановнинг юқорида қайд этилган буйруғи ғайриқонуний деб топилган ва бекор қилинган.

Барча ходимлар аввал ўзлари ишлаб келган лавозимларга қайта тикланиб, уларнинг фойдасига мажбурий прогулда юрган кунлари учун жами 107 миллион сўмдан ортиқ миқдорда иш ҳақ ундириш белгиланган.

Шунингдек, вилоят Адлия бошқармасидан учта фуқаролик иши бўйича жами 8 миллион сўмдан ортиқ давлат божи ундириш белгиланган.

Ҳал қилув қарорининг ишга тиклаш ва иш ҳақи ундиришга оид қисми ФПКнинг 266-моддасига асосан дарҳол ижрога қаратилган.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, суд қарорларини ижро қилиш бўйича мажбурий ижро бюроси томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилган бўлишига қарамай, ҳал қилувнинг дарҳол ижро этилиши лозим бўлган қисми ҳануз (22 ноябрь ҳолатига) иш берувчи, яъни вилоят адлия бошқармаси бошлиғи томонидан бажарилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда биринчи инстанция суди қарорлари устидан апелляция тартибида шикоятлар киритилган. Биринчи инстанция суди қарорларининг ходимларни ишга тиклашга оид қисми ижро этилмаётгани сабаблари бўйича изоҳ берилмаган.

Маълумот учун: Меҳнат кодексига мувофиқ, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходим иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим (111-модда).

Ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади (112-модда). Суд ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишда айбдор бўлган мансабдор шахс зиммасига ана шу ходимга иш ҳақи тўланиши муносабати билан иш берувчига етказилган зарар ўрнини қоплаш мажбуриятини юклайди (274-модда).

Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддасига кўра, суднинг меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни ишга тиклаш ва уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги қарорлари дарҳол ижро этилиши керак.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид