Тошкент шаҳри аҳолисининг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан 26,9 млрд сўм қарзи борлиги маълум қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев раислигида кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича ишлар натижадорлиги ва бу борада олиб борилиши лозим бўлган ишларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонқулов Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 30 июлдаги «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.
Шунингдек, мавжуд камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, «1055 коммунал хизматларни бошқариш маркази»га 2019 йил давомида 5 378та мурожаат келиб тушган. Шундан 5 194таси бартараф этилган. Лекин, бугунги кунда том қисмидан чакки ўтиш, лифт ишламаслиги, иссиқлик таъминоти талаб даражасида эмаслиги ҳамда ертўлалардаги қувурлар носозлиги юзасидан ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор.
Ҳоким ўринбосари бундай ҳолатлар айрим ўринларда туманлардаги мутасаддиларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарликда йўл қўйган камчиликлари, баъзи ҳолларда эса хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари талаб даражасида ишламаётгани сабаб юзага келаётганини айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳридаги 9964та кўп квартирали уйларга 2072та ХУЖМШлари (хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари) ва 187та Бошқарув компаниялари хизмат кўрсатиб келмоқда. Аҳолининг кўп қаватли уй-жойлардаги ички иситиш тизимидаги эътирозларини камайтириш мақсадида 57та ҳаракатланувчи мобил авария-тиклов бригадалари ташкиллаштирилиб, кўп квартирали уйларнинг ички иситиш тизимларини созлаш ишлари йўлга қўйилди.
Натижада 1707та уйларнинг иссиқлик узелларида камчиликлар аниқлиб, 1685таси бартараф этилди. Энг кўп муаммолар Юнусобод туманида 275та ва Сергели туманида 345та кўп қаватли уйларда аниқланди.
Бундан ташқари, 8808та кўп қаватли уйларда 330 мингта иссиқлик тик қувурлари мавжуд бўлиб, бугунги кунда 6747та кўп қаватли уйлар ўрганилди, шундан, 365та уйнинг 823та иссиқлик тик қувурларида камчиликлар аниқланди, 762тасидаги муаммолар бартараф этилди.
Йиғилишда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидаги молиявий ҳолат ҳақида ҳам келтириб ўтилди: 2019 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра аҳолининг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан қарздорлиги 26,9 миллиард сўмга тенг.
2013-2018 йиллар учун дастур бўйича ХУЖМШга жами 808,9 млрд сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилган. Бугунги кунга келиб бу маблағларнинг фақат 253,2 млрд сўмлик қисми қайтарилган.
Йиғилишда айрим амалдорлар ишда йўл қўйилган камчиликлар учун интизомий жавобгарликка тортилгани қайд этилган.
«Мажлисда аниқланган камчиликлар туманлар кесимида алоҳида кўриб чиқилди ва уларни тезкорлик билан бартараф этиш буйича мутасаддиларга топшириқлар берилди», дейилади шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
13:17 / 06.07.2022
Бектемирда бир неча ХУЖМШ аҳолидан йиғилган 275 млн сўмни ўзлаштиргани аниқланди
20:49 / 12.09.2020
Тошкент ер усти ҳалқа метросининг пастки қисмида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мумкин бўлади
18:40 / 25.08.2020
Тошкентдаги уч туманга янги раҳбарлар тайинланмоқда. Ортиқхўжаевнинг собиқ ва ҳозирги ўринбосарлари туман ҳокимлари бўлади
18:30 / 12.12.2019