Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб ҳар бир вилоятдаги мавжуд Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари йўлга қўйилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрда қабул қилинган «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан қонунийлаштирилди.

Янги тартиб борасида фуқароларда туғилаётган турли саволларга жавоб топиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги бош мутахассиси Ўлмасбек Камолов билан суҳбатлашдик.

Курсларнинг вазифаси нима?

- тутинган ота-оналарни етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш, парвариш ва соғлиғини муҳофаза қилиш, унинг ижтимоийлашуви, таълими ва ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароитларни яратиш билан боғлиқ ота-оналик салоҳиятини шакллантириш;

- тутинган ота-оналарнинг болани оилага қабул қилишга тайёрлик даражасини аниқлаш, болани оилага қабул қилиш шаклини танлашга ёрдам бериш, уларнинг болалар психологияси ва педагогикаси соҳасидаги билим ҳамда амалий кўникмаларини ривожлантириш.

Кимлар тингловчи бўла олади?

Юқоридаги қарор мазкур йўналишдаги ҳуқуқий асосларни ҳамда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ижтимоий етимликни камайтириш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Курслар етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат) олаётган ёки оилавий болалар уйига қабул қилаётган шахслар (тутинган ота-оналар) учун мўлжалланган. Ота-оналар Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари директори номига ариза билан мурожаат қилади. Ариза уч иш кунида кўриб чиқилади ва тегишли буйруқ билан расмийлаштирилади.

Тайёрлов курсларининг фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва давлат тарбия муассасаси – Меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари раҳбарияти томонидан мувофиқлаштирилади.

Курслар оила ва болаларга хизматлар кўрсатувчи бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар, жисмоний шахслар томонидан ҳам ташкил этилиши мумкин. Тайёрлов курсларининг фаолияти васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан назорат қилинади.