Ўзбекистон | 15:43 / 30.11.2019
21402
2 дақиқада ўқилади

Порахўрликни йўқ қилиш учун фақатгина жазо, репрессив чоралар кифоя эмас - Содиқ Сафоев

Фото: KUN.UZ

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг фикрича, порахўрликни йўқ қилиш учун фақатгина жазо, репрессив чоралар кифоя эмас, унинг иқтисодий, ҳуқуқий, институционал ва ижтимоий илдизларини бартараф этиш лозим. У бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг айни пайтда давом этаётган 24-ялпи мажлисидаги маърузасида тўхталди.

Содиқ Сафоев хусусийлаштириш ва монополияга барҳам бериш масалалари коррупцияга алоқадорлиги, чунки унинг бирламчи илдизи иқтисодий тизимда экани, ўта марказлашган, иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чекланишлар мавжуд жамиятларда порахўрликка замин яратилишини таъкидлади.

“Хабарингиз бор, давлат хавфсизлигига жиддий рахна солувчи бу жиноятга қарши мамлакатимизда тизимли кураш олиб борилмоқда. Бироқ коррупцияга қарши кураш соҳасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг самараси паст. Бош прокуратура томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, шу йил мобайнида турли вазирлик ва идораларнинг 865 нафар мансабдор шахси коррупция аломатлари бўйича жиноий жавобгарликка тортилди. Порахўрликни йўқ қилиш учун фақатгина жазо, репрессив чоралар кифоя эмас. Унинг иқтисодий, ҳуқуқий, институционал ва ижтимоий илдизларини бартараф этиш лозим”, дея Содиқ Сафоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратурага коррупцияга қарши кураш соҳасидаги вазият ҳамда кўриладиган чора-тадбирларга оид парламент сўрови юборишни таклиф қилди.

Аввалроқ, Содиқ Сафоев Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборотини мунтазам равишда эшитиш амалиётини жорий қилиш мақсадга мувофиқлигини айтган эди.

Мавзуга оид