Ўзбекистон | 14:08 / 30.11.2019
5934
3 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев: Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборотини мунтазам равишда эшитиш амалиётини жорий қилиш мақсадга мувофиқ

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисидаги чиқиши давомида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошқарув соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳал қилувчи йўналиши давлатнинг иқтисодиётга тўғридан-тўғри аралашувини қисқартириш эканини айтиб ўтди.

"Бу соҳада охирги уч йил мобайнида катта ўзгаришлар рўй берди. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги 86та лицензияланадиган фаолият тури ва рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинди. Натижада, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар сони 25 фоиз кўпайди. Кўп тармоқларда рақобат ортди: шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, мебель, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда. Қурилиш материаллари, кабель маҳсулоти ва пул ўтказиш хизмати каби юқори даражада монополиялашган соҳада якка ҳукмронликка барҳам берилди. Умуман, мамлакатда монопол корхоналар сони икки баробар қисқарди. 

Аммо бу соҳада ўз ечимини кутаётган тизимли масалалар кўзга ташланмоқда. 

Товар ва молия бозорларида давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар мавқеи баланд. Улар монополияларнинг 80 фоизини ташкил қилмоқда ва ўз назоратлари остида бўлган тузилмалар ташкил этиб, рақобатга салбий таъсир кўрсатмоқдалар. Бугун бундай корхоналар сони 4,3 мингдан ортиқни ташкил этади.

Давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг самарасизлиги субсидия бериш, солиқ ва божхона имтиёзлари, имтиёзли кредитларни тақдим этиш шаклидаги давлат кўмаги билан қопланмоқда.

Молия ва капиталлар бозорларида давлат иштироки баландлигича сақланиб қолмоқда. Ушбу ҳолат, ўз навбатида, манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармоқда ва бозор механизмларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Банк секторининг 83 фоизи давлат иштирокида фаолият кўрсатади. Тармоқ регуляторлари рақобатни ривожлантиришда сустлигича қолмоқда.

Табиий монополиялар томонидан қўлланадиган нархларни шакллантириш усули харажатларни тежаш ўрнига уларни кўпайтиришни рағбатлантиради. 
 
Бизнес субъектлари учун бозорга чиқишда сунъий тўсиқлар ҳали-ҳануз мавжуд. Натижада, Жаҳон банки маълумотларига кўра, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф оқими паст даражада сақланиб қолмоқда. Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади.

Бу вазиятда ҳукумат товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш Стратегияси бўйича “Йўл Харитасини” қабул қилишни тезлаштириш керак. Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, бу соҳадаги фаолият юзасидан Сенат мунтазам равишда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ахборотини эшитиш амалиётини жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди", - дея Содиқ Сафоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид