Яқинлашиб қолган сайловлар олдидан партия раҳбарлари ва жамоатчилик иштирокидаги мулоқотлар шу кунларда авж палласига кирди.

Бу каби учрашувларда айтилаётган айрим фикрлар жамоатчилик томонидан бирда норозилик, бирда шунчаки кулги билан кутиб олинаётгани рост. Бу ҳақда жуда кўп ёзиляпти. Аммо, шу ҳолатда ҳам партиялар ва уларнинг раҳбарлари жамоатчилик учун илк бор «очилаётгани», мулоқотга киришаётганини фақат ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин.

Бир муддат аввал сиёсий партия раҳбарларидан Ўзбекистон яқин йилларда ҳал қилиши керак бўлган учта муҳим масала ва уларнинг ечими борасида фикрлари сўралганди, бу сафар лидерларга Ўзбекистон яқин йилларда тўқнашиши мумкин бўлган энг долзарб масалалар борасидаги савол билан юзландик.

Наримон Умаров, «Адолат» социал-демократик партияси етакчиси:

«Фикримча, Ўзбекистон яқин ўн йилликда ишсизлик, коррупция, инфратузилма заифлиги, инвестициялар етишмовчилиги, норасмий (хуфёна) иқтисодиёт улуши юқорилиги, таълим сифати пастлиги, шунингдек, олий маълумотли кадрлар етишмаслиги каби муаммолар билан тўқнашиши мумкин».

Наримон Умаров саволга жавоб бериш асносида шунингдек, Ўзбекистон яқин ўн йилликда амалга ошириши керак бўлган муҳим масалаларга ҳам эътибор қаратди. Унинг айишича, дунё бозорига рақобатдош маҳсулот олиб кириш, ва бунинг учун замонавий технологияларни жорий этиш дастлабки муҳим масалалардан ҳисобланади.

Кейинги масалалар:

- Тадбиркорликни ривожлантириш учун шунга мос равишда инфратузилмаларни ҳам талаб даражасида ривожлантириш (йўллар, электр тармоғи, коммуникация, АКТ ва бошқалар);

- Демографик ўсишни ҳисобга олган ҳолда 10 йил ичида аҳоли кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланиши учун катта имтиёзлар бериш;

- Кейинги ўн йилликда қишлоқ ҳудудларидаги аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш масаласи.

Бу борада қишлоқ жойларда (намунавий уй-жой қуриш имкони йўқ жойларда инфратузилмага боғлиқ) фуқароларга уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратиб бериш муҳим ҳисобланади. Сабаби, қишлоқ ва овулларда аҳоли сони ошиб бормоқда ва ҳозирги кунда уй-жой қуриш учун ер майдонлари фақат аукционда сотилмоқда, кам таъминланган оилалар бирданига ер сотиб олиши қийин.