Кремль 1999 йилги иттифоқчилик шартномаси асосида қўшни давлат билан интеграцияни чуқурлаштиришни сўрамоқда. Беларусь Россия таклиф қилаётган кўринишдаги интеграция мамлакат суверенитетини чеклаб қўяди, деб ҳисобламоқда.

Томонлар интеграцияни чуқурлаштириш борасидаги ҳужжатларни 8 декабрда, Беларусь ва Россия иттифоқ давлатлари ташкил этилганининг 20 йиллиги санасида имзолашни мўлжаллаганди.

«Мен йигитча эмасман!»

Лукашенко Беларусь парламентига Путин билан суҳбат кескин бўлишини ваъда қилди.

«Табиий газ етказиб бериш тўғрисидаги шартнома ҳалигача йўқ бўлса, қандай интеграция ҳақида гапириш мумкин? Яъни эрта-индин бизда Янги йил, биз эса табиий газ етказиб бериш ҳажми ва нархи бўйича шартномага эга эмасмиз. Нефть бўйича масалалар ечилмаган. Ҳаттоки оддийгина  «ифлос» нефть масаласи ҳам (гап шу йилнинг апрелида «Дружба» нефть қувури орқали етказилган сифатсиз нефть ҳақида бормоқда. Беларусь томони етказилган зарарни 100 млн доллар деб баҳоламоқда). Улар ўзларини «ифлос» нефть бўлмагандек тутишмоқда», - деди Лукашенко.

«Маҳсулотларимиз учун бозорларни (доимий ёки даврий) ёпиб қўйишса, бу қандай ягона иқтисодий макон? Савол кескин қўйилади», деди у.

Беларусь президенти яна бир бор такрорлади: Беларусь Россия билан конструктив ҳамкорликка тайёр, аммо тенг ҳуқуқларда. Ва Беларусь манфаатларига зарар етказадиган ҳеч қандай ҳужжатни имзоламайди.

«Ёдда тутинг! Мен 3−4−5 йил президент бўлиб ишлаган йигитча эмасман. Менга етарлича бўлди. Ва мен сизлар билан, халқ билан амалга оширилган ҳамма нарсани ўчириб ташламоқчи эмасман – мустақил давлатни қутига солиб ташлаб юбориш ёки кимгадир бериш учун ташкил этдимми? Менинг давримда ҳеч қачон бундай бўлмайди», - деди 25 йилдан буён президентлик курсисида ўтирган Лукашенко.

Хуфёна чуқурлаштириш

Ҳар икки давлатнинг амалдор ва экспертлар гуруҳлари сентябрь бошида бош вазирлар даражасида келишилган интеграция бўйича ҳужжатлар ва йўл хариталари устида ишламоқда.

Аммо уларда айнан нима баён этилгани ва «чуқурлаштириш» қайси йўналишларда амалга оширилиши номаълум. Беларусь парламентининг собиқ депутати Алена Анисим интеграция тўғрисидаги ҳужжатларда нималар акс этганини изоҳлашини сўраб Вазирлар Маҳкамаси ва Иқтисодиёт вазирлигига икки марта мурожаат қилди. Амалдорлар иш якунига етмай туриб жамоатчиликни ташвишга солмасликни сўрашди.