“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев халқни ушбу қутлуғ айём билан табриклади, дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, энг муҳим мақсад ва вазифаларини белгилаб олади. Мамлакат мустақиллигининг илк даврида қабул қилинган Конституцияда ҳам халқнинг хоҳиш-иродаси, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, давлат тузилиши ўз ифодасини топган. Бош қомус, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини қайд этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун ўз нутқида қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ишлаб чиқаётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шартлигини алоҳида айтиб ўтди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ.

Қонунийликни қарор топтириш, қонун бузилишига қарши курашиш борасида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари “уйғонгани” қайд этилди. Масалан, Давлат бюджети муҳокамаси пайтида фуқаролар ва депутатлар фикри асосида мактаблар учун 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилгани ёки одамларнинг ҳақли эътирози туфайли дарахтларни сабабсиз кесишга қарши мораторий эълон қилингани ижобий баҳоланди. Булар аҳолининг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини кўрсатади.
Давлат раҳбари жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни узлуксиз давом эттириш, бу борадаги кўникмаларни фарзандлар тарбиясига болаликдан сингдириш кераклигини таъкидлади.
– Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бош қомусимизда белгиланган инсонпарвар тамойиллар тўла амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда президентнинг жиноят содир этганларни афв этиш бўйича 8 та фармони қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди.








