Бугун, 9 декабрь куни Халқаро матбуот марказида Халқаро пресс-клубнинг «Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги ташқи-иқтисодий фаолияти» натижаларига бағишланган навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Унда Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги ташқи-иқтисодий фаолияти, инвесторларга яратиб берилаётган имкониятлар, шунингдек, республикага инвестицияларнинг кириб келиш кўрсаткичлари Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда журналистлар иштирокида муҳокама қилинди.

Тадбирда журналистлар томонидан Ўзбекистон қонунчилигида алоҳида шахслар манфаатларига хизмат қиладиган қонунлар бор ёки йўқлиги, агарда бундай қонунлар мавжуд бўлса, нега сақланиб қолаётгани борасида савол билан мурожаат қилинди ва сиёсий партиялар вакиллари бу саволларга жавоб беришди.

Дилшоджон Раҳмонов - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«2020 йилдан протекционизм ривожланишига эътибор қаратадиган бўлсак, бундай ҳолатлар бор. Чунки, 2020 йил 1 январидан протекционизм сиёсатининг янада жиддийлашиши бу – Ўзбекистонда қайсидир маҳсулот ишлаб чиқарувчиси ёки шу маҳсулотни олиб кирувчи алоҳида шахс, ёки юридик шахснинг манфаатларини кенгайтириб беради.

Бу қарорда худди шундай дейилмайди, лекин шу нарсани кўрсатиб беради».

Фазлиддин Зиёев - Адолат социал-демократик партияси:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Адолат социал-демократик партияси ҳам бугунги кунда баъзи юридик шахсларга берилган имтиёзлар мавжудлигини қайд этади.

Бу имтиёзлар бир томондан ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун мўлжаллангандир, лекин масалага иқтисодий томондан қарайдиган бўлсак, чет элдан келтирилаётган хом ашёга берилаётган имтиёзлар ёки ички бозорда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга берилаётган имтиёзлар орадаги рақобат синишига сабаб бўлади.