Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган шахслар суд томонидан тайинланган жазонинг учдан икки қисмини ўташса, президентга афв сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлишади.

11 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова шу ҳақда тўхталиб ўтди.

«Маҳкум жазонинг учдан икки қисмини ўтасагина президентга афв сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Президентнинг 2018 йил 8 майдаги фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низомда бу қоида киритилган. Жазонинг учдан икки қисмини ўтаб бўлиб, кейин жазони ўташ муассасаси маъмурияти орқали ариза билан Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссияга мурожаат қилади.

Ариза комиссияга келиб тушгандан кейин тегишли ўрганишлар бошланади. Тавсифнома олинади, ким уни кафилликка олиши, оиласи ўрганилади. Жазони ўташ муассасаси маъмурияти у билан ишлайди, ўша колонияга биз бориб ишлаймиз. Шахсан ўзим бориб, маҳкум билан гаплашаман, кўзига қарайман, ҳақиқатан ҳам у тузалиш йўлига ўтганми-йўқми? Ва бошқа усуллар бор. Шулар асосида маълумот тўплангач, комиссия йиғилиш қилади ва ҳаммасини тарозига солиб бир хулосага келади. Президентга тақдим этса бўладими-йўқми?», деган Ортиқованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бош прокурор ўринбосарига кўра, авф этилишга номзодларнинг рўйхати шу тариқа шакллантирилади ва президентга тақдим этилади. Давлат раҳбари рўйхатдагиларнинг маълумотлари билан танишгач, конституциявий ваколатидан фойдаланган ҳолда ўзи маъқул деб топган шахсларни афв этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекади.

Тадбирда Ўзбекистон президенти 2019 йилда Рамазон ҳайити муносабати билан 575 нафар, Конституция куни муносабати билан эса 92 нафар фуқаро афв этилгани, озодликка чиқарилганидан сўнг авф этилган шахсларнинг ҳаётга мослашиб кетиши учун қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.