Тарихчилар оиласи Андрей Кубатин ҳамда турмуш ўртоғи, Феруза Жуманиёзова таҳририят меҳмони бўлган, улар билан илм ва олим тийнати, тарихчи олимни қийнаган муаммолар, шунингдек, илмий фаолиятлари ҳақида суҳбат қилган эдик. Қуйида ўша суҳбатнинг давомини эътиборингизга тақдим этамиз.
«Ўткан кунлар»ни уч марта ўқиб чиқдим»
— Китобсевар одам, айниқса, сизга ўхшаш олим кишига қамоқда китобсиз қийин бўлмадими? Ёки маълум маънода шароит яратилдими?
— Бир нарсани айтишим керакки, тергов ҳибсхонасими ёки манзил колония бўладими – бу ерларда кутубхона бор. Ундан ўқиб фойдаланишга имконият яратиб қўйилган. Тўғри, у ерда илмий китобларни тополмайсиз, аммо бадиий асарлар бор. Масалан, ўша даврда «Ўткан кунлар»ни уч марта ўқиб чиқдим. Кейин 7-сонли жазони ижро этиш колониясига борганимизда кутубхонада ишладим, кўп вақтим шу ерда ўтарди.
Энг қийнаган нарса, биласизми, одам айб қилган бўлса ва шунга яраша жазо олаётган бўлса, ички қийналиш бўлмайди; лекин қилмаган ишга шунақа жазо олиш — бу одам учун оғир ботади.
«Ошкоралик ва ислоҳотлар бўлмаганда қамоқдан чиқишим даргумон эди»
— Ўша пайтда ишончингиз қай даражада эди, оқланишингизга ишонганмидингиз? Оқланишингизга нима кўпроқ таъсир этди деб ҳисоблайсиз?
— Яқинларим, оилам югурмаганда, талаб хати қилмаганда, жаҳон илм ҳамжамияти аралашмаганда ва авваламбор, давлатимиз томонидан юритилган сиёсат, ошкоралик, ислоҳотлар бўлмаганда эди, менимча, чиқишим қийин масала эди.
«Ўзимда курашчан аёл образини ёқишга қарор қилдим»
— Феруза опа, сизда бу давр қандай кечди? Турмуш ўртоғи ва ёш тадқиқотчи сифатида ўзингиздан ўтганларини айта оласизми?
— Оғир дамлар эди. Шанба куни ўзим ишга кузатиб юборганман ва бошқа қайтиб келмаган. Кейин узоқ вақт қидирганмиз, жуда қоронғи дамлар эди деб таъкидласам ҳам бўлади. Айниқса, фарзандимиз учун, у энди беш ёшда эди, тушунтириш ниҳоятда қийин бўлган.
















