Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фаррух Дадахўжаев: Ўзбекистондаги қутқарув хизматлари етарлича оёққа турмаган
Сенатор Фаррух Дадахўжаев Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлиси арафасида ўтказилган қўмита йиғилишидаги маърузасида Ўзбекистондаги қутқарув хизматлари аҳволи, соҳадаги муаммоларни тилга олди.
«Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибидаги қутқарув хизматлари техника тарафдан ҳам, ходимларнинг малакаси тарафдан ҳам ҳалигача етарлича оёққа турмаган. Гоҳида Россияда бўлган фавқулодда вазиятларни кўрганимизда улардаги қутқарув хизматлари профессионал ҳаракат қилишади. Улардан ибрат олса бўладиган жиҳатларимиз бор. Қанақадир фавқулодда ҳолат юз берса, ФВВ дарҳол ўша ерга етиб бориб, барча ҳаракатларга раҳбарликни қўлга олади. Ҳолат бўйича биринчи сўзни ҳам, охиргисини ҳам улар айтади. Бизники ҳам шундай бўлишини истаймиз», дея Фаррух Дадахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Сенатнинг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев Чорвоқда одамлар чўкиб кетганда, қидирув хизматлари ғаввослари чўкиб кетган шахсларнинг мурдасини топа олишмагани, натижада бу ишга Россиядан қутқарувчилар жалб этилганини танқид қилди.
«Чорвоқда чўкиб ўлганларнинг мурдасини Россиядан келган ғаввослар олиб чиқишди. Тўғри, Ўзбекистондаги қутқарув хизматлари энди оёққа тураётган тизим, буни тушунамиз. Қутқарувчиларга яхши маош тўлаб, керакли шароит яратиб берилса, бизнинг мутахассислар ҳамма нарсани уддалайди», дейди сенатор.
Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Абдулла Қўлдошев мазкур ҳолатга қуйидагича изоҳ берди:
«Россиялик ғаввосларни ҳалок бўлган шахсларнинг яқинлари таклиф қилишган. Тўғри, ғаввослик хизматимиз ҳали анча ёш. Лекин шунга қарамай Чорвоқда сувга чўкиб ҳалок бўлган икки нафар шахсдан бирининг мурдасини ўзимизнинг мутахассислар олиб чиқишди. 43 метрдан. Катта акватория бўлгани учун кейингини топишга қийналишди. Уларнинг чўккан жойини топишга ҳам анча вақт кетиб қолди. Россиялик қутқарувчилар ҳам бизнинг мутахассислар билан бирга ишлашди. Йигитларнинг тайёргарлиги бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақат 100 метр чуқурликка тушиш учун ғаввосларимизнинг тажрибаси ҳали кам», деди Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Абдулла Қўлдошев.
Фаррух Дадахўжаев бир пайтлар Тошкент денгизига чўкиб кетганларни арзимаган чуқурликдан ҳам топиша олмаганини, бу ҳақда мутасадди идораларга мурожаат қилишганда пляжни ким ташкил қилган бўлса, мурдани ҳам ўшалар топиб берсин, пляжнинг ўз қутқарув хизмати бўлиши керак деб айтишганини ёдга олди.
Мавзуга оид
11:50 / 05.06.2026
Попда чўкиб кетган йигит жасади 8 кунлик қидирувдан кейин топилди
16:58 / 02.06.2026
Юқори Чирчиқда қувурга тушиб кетган 5 ёшли бола қутқариб қолинди
11:55 / 25.05.2026
Тошкент вилоятида тоғда жароҳатланган сайёҳ қутқарилди
15:09 / 24.05.2026