Ўзбекистон | 11:22 / 19.12.2019
24367
2 дақиқада ўқилади

Светлана Ортиқова: «Лоббизмга қарши курашиш қўлимиздан келади»

Бош прокуратура лоббизмнинг олдини олиш, қонун ҳужжатлари кимларнингдир манфаатларига хизмат қилишига йўл қўймаслиги таъкидланди.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Kun.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистон қонунчилигида лоббизм аломатлари мавжудлигини қайд этди ва бунда коррупциянинг аломатлари сезилаётгани ҳақида гапирди.

«Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва унга бўйсунувчи прокуратуралар қонун устуворлигини таъминлаш ва қонун ижроси устидан қатъий прокурор назоратини ўрнатиш тарафдори. Чиндан ҳам қонунчилигимизда лоббизм бор. Бунда коррупциянинг қанақадир аломатларининг ҳиди келяпти ва кейинчалик қадам-бақадам уларни суриштирув қилсангиз, тергов қилсангиз, текширув қилсангиз, албатта, коррупционерлар ҳам аниқланади ва улар қора курсига ўтиради.

Ниманинг тарафдориман шахсан мен? Фуқаро сифатида, аёл сифатида, прокурор сифатида, ҳеч ким коррупционер бўлмасин, ҳеч ким жиноят содир қилмасин, ҳуқуқбузарлик содир қилмасин. Негаки, ҳуқуқбузарлик тамғаси, жиноятчилик тамғаси одамнинг ҳаётига, нафақат ўзининг ҳаётига, балки фарзандларининг ҳаётига, невараларининг ҳаётига таъсир қилади. Лекин инсон омили бор. Шунга қарши сиз ва биз курашишимиз керак.

Афсуски, коррупциядан, қонунчиликдаги лоббизмдан бутунлай воз кечамиз десак, адашган бўламиз. Бу – утопия, бу афсона. Лекин лоббизмнинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларига салбий таъсирини камайтириш қўлимиздан келади. Шунинг тарафдориман», дейди Светлана Ортиқова.

Аввалроқ Халқаро пресс-клубнинг очиқ мулоқотида сиёсий партиялар вакиллари баъзи қонунлар алоҳида шахслар учун хизмат қилаётганини айтишган, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директори Акмал Саидов кейинги чақириқдаги парламент лоббичилик фаолияти тўғрисида қонун қабул қилиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид