Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлаш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасига кўра, қуйидагилар:

Давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талаблар;

Давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш ва ўқитиш тартиби тўғрисида низом;

Давлат ташкилотларининг ҳуқуқий саводхонлиги минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолашдан ўтказиладиган ходимлари лавозимларининг рўйхати тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал талабларга мувофиқлигини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланади.

Вазирлик ва идоралар ўзларининг фаолият соҳаларидан келиб чиққан ҳолда бошқарув ходимлари билиши мажбурий бўлган соҳавий-ҳуқуқий талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Белгиланишича, 2020 йил июль ойидан бошлаб:

давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси минимал талабларга мувофиқлиги белгиланган тартибда ҳуқуқий саводхонликни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими орқали баҳолаб борилади;

баҳолаш натижаларини таҳлил қилиш орқали Адлия вазирлиги томонидан давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.

Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасига қўйиладиган талаблар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг олий юридик маълумотли ходимлари, давлат ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари, ҳарбий хизматчилар, шунингдек Давлат ташкилотларининг ҳуқуқий саводхонлиги минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолашдан ўтказиладиган ходимлари лавозимлари рўйхатида кўрсатилмаган ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш ва ўқитиш бўйича ўқув қўлланмалари, услубий тавсиялар ва бошқа материалларини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.