22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. Марказий сайлов сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловда умумий сайловчиларнинг (18,7 млн) 71,1 фоизи (13,3 млн) қатнашган.
Kun.uz мухбири сиёсий партиялар раҳбарлари билан боғланиб, уларнинг «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ўтган сайлов жараёнлари ва унда аҳолининг иштироки борасидаги фикрлари билан қизиқди.
Алишер Қодиров, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси лидери:

«Фикримча, бу Ўзбекистон тарихида ўхшаши йўқ сайлов бўлди. Сифат, жараёнларга умумий ташкилий тайёргарлик, ОАВнинг муносабати бўйича ҳам. Буни Ўзбекистон учун катта қадам деб ҳисоблайман.
Бу сайлов, ундаги жараёнлар очиқ, шаффоф рақобатга бой, партиялар бир-бирини очиқ танқид қила олган ва том маънодаги электоратнинг ижобий маънодаги рақобатли мунозараларига бой майдонни пайдо қилиб берди. Аслида ривожланишни пайдо қилувчи муҳит мана шундай бўлади.
Агар бир барчамиз масалага бир кўз билан қарайверсак, муаммоларни бир кўз билан кўраверадиган бўлсак ва уларнинг ечимлари бўйича ҳаммамиз ўлчанган бир хил гапларни гапирадиган бўлсак, ривожланиш бўлмаслигининг намуналари бизда етарлича. Шу нуқтайи назардан, бу сайловлар жамият учун янгилик бўлди.
Биз муаммоларни айтяпмиз, уларни муҳокама қиляпмиз ва партиялар ўша муаммоларга турли ечимлар беряпти. Берилаётган таклифларнинг қандайлиги ва уларнинг савияси иккинчи масала.
Албатта, ҳали сайловлар кўп, лекин мана шу сайловлар халқ билан ҳокимият орасидаги конструктив мулоқотни шакллантирган сайлов сифатида тарихда ўз ўрнини қолдиради.
Бу сайловлар барча ютуқ ва камчиликлари билан ўзимизники. Биз ривожланиш йўлига кирдик. Шуниси билан у менга қадрли.
Сайловчилар иштироки ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу жуда яхши. Менга хорижлик кузатувчи савол берди, нега сайловчилар сони сизларда доим баланд, деб. Мен айтдим, аслида халқимиз сайловларни яхши кўради.
Халқимиз – масъулиятли, сайловларда қатнашмаганларнинг фикрини ҳам шахсий бир қарор сифатида ҳурмат қилиш керак.
Менимча. Бу Марказий сайлов комиссияси келтирган рақам сайловлар шаффоф ўтганини кўрсатувчи натижадир».
Наримон Умаров, «Адолат» Социал демократик партияси лидери:


















