Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги маъмурий регламент тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Белгиланишича, риэлторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар олиш ҳақидаги аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади.

Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чекланмаган муддатга берилади.

Риэлторлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар кўрсатилаётган хизматлар қийматининг камида 15 фоизи миқдорида ҳақини олдиндан тўламасдан риэлторлик хизматлари кўрсатишга ҳақли.

Риэлторлик фаолияти қуйидаги риэлторлик хизматлари турларини кўрсатиш йўли билан амалга оширилади:

кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш чоғида воситачилик қилиш;

кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш;

кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматларини амалга ошириш учун лицензия олиш талаб этилмайди.

Давлат хизматлари марказлари ва лицензияловчи орган ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Қуйидагилар риэлторлик фаолиятини амалга оширишдаги лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лицензия томонидан риэлторлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

б) риэлторлик ташкилотининг риэлторлик хизматлари буюртмачиси олдидаги риэлторлик ташкилотлари ушбу Регламентда белгиланган ҳажмдан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролик мажбурий суғурта полисининг мавжуд бўлиши;