Сайлов жараёнида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, бу борада аниқланган айрим қўпол қонунбузилишлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 23 декабрь куни Халқаро матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Бош прокурорнинг сўзларига кўра, ҳозиргача 2та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
«Хусусан, Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси Бобур Холматовнинг мурожаати текширилди. Текширишда Учтепа тумани ҳокимлиги ташкилий–кадрлар гуруҳи раҳбари Шерзод Нигматов Ўзбекистон Экологик партияси ички ишларига ва сайлов жараёнига ноқонуний аралашгани аниқланди.
Шерзод Нигматов ва Экология партиясининг туман Кенгаши раиси Маҳкамов бу партияга мансуб бўлмаган 3 нафар шахсни (ЎзЛиДеП аъзоси Бобур Ҳолматов, «Адолат» партияси аъзоси Ҳулкар Юнусова ҳамда 2017 йилдан бери АҚШда яшаб келаётган фуқаро Санобар Азимова) уларнинг розилигисиз ва хабарисиз Экологик партиядан Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутатлигига номзод сифатида кўрсатиб, сайлов ҳужжатларига сохта маълумотлар киритишган», дея Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
22 декабрь куни соат «Телеграм» тармоғида Сергели туманидаги 17-сонли участка сайлов комиссиясида 9 дона сайлов бюллетени бир шахс томонидан имзоланиб, сохталаштирилгани ҳақидаги видеолавҳа тарқалгани, унда тумандаги 426-сонли сайлов участкасида овозларни саноқдан ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнига номзодларнинг ишончли вакиллари ва кузатувчилар киритилмасдан, саноқдан ўтказиш алоҳида хонада амалга оширилгани акс этган эди.
Тадбирда маълум қилинишича, Учтепа ва Сергели туманларида содир этилган ҳолатлар юзасидан 23 декабрь куни Жиноят кодексининг 146-моддаси ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Яна бир ҳолат, Яшнобод тумани ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Қудрат Ҳусанов 22 декабрь куни тумандаги округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятига ноқонуний аралашиб, 30та участка сайлов комиссиялари раисларига сайловдан кейин зудлик билан сайлов баённомаларининг қоралама нусхалари билан етиб келишни ҳамда баённомаларнинг асл нусхаларига бирор ёзув киритмаслик ҳақида ноқонуний кўрсатма бергани билан боғлиқ.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилмоқда.

















