Жамият | 11:37 / 24.12.2019
13305
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда метро қурилишидаги экскаватор сабаб электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди

Кеча, 23 декабрь куни, Тошкент шаҳар Юнусобод туманининг 2, 3, 11, 13, 14, 15, 17, 18 ва 19-даҳалари ҳамда Бободеҳқон МФЙда яшовчи аҳоли хонадонларида электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди. 

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан қолдирилган хабарларда айтилишича, электр энергияси кеч соат 22:00да ўчиб қолган ҳамда таъминот эрталабки соат 7:10ларда тикланган. Фойдаланувчи орадаги узилиш 9 соатни ташкил этгани ҳақида маълум қилишди.

“Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” ушбу вазият бўйича изоҳ берди.

Қайд этилишича, 23 декабрь куни тахминан соат 22:00да Юнусобод туманида “Ўзбекистон темир йуллари” АЖ “Метроқурилиш” корхонаси томонидан ер қазиш ишларини олиб борилиши натижасида “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” АЖ тасарруфидаги ПС “Юнусобод”  РП “Бухоро”, “Бухоро” №1 ва №2дан чиқувчи 10 кВ юқори кучланишли кабелларига экскаватор билан ишларини амалга ошираётган вақтда авария содир бўлган. 

Натижада, “Юнусобод” туманининг 2, 3, 11, 13, 14, 15, 17, 18 ҳамда 19-даҳаларида ва Бободеҳқон МФЙда яшовчи аҳоли хонадонларининг электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилди. 

Билдирилишича, авария оқибатларини бартараф этиш ва электр таъминотини тиклаш ишлари бўйича “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг Юнусобод туман электр таъминоти корхонасининг махсус тезкор бригада ишчи гуруҳ томонидан бартараф этиш чоралари кўрилган. 

Ҳозирда Юнусобод туманидаги даҳалар электр энергияси таъминоти билан таъминлангани айтилмоқда. Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўралган.

Мавзуга оид