Жаҳон | 15:10 / 26.12.2019
14398
2 дақиқада ўқилади

Алексей Навальнийнинг офисида тинтув ўтказилди

Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) офисида тинтув ўтказилди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Фонд вакили, сиёсатчи Леонид Волковнинг ўз твиттерида хабар беришича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кузатув камераларини елимлаб бекитишган ва эшикларни бузиб очишга киришишган.

Бу вақтда бинода 40 чоғли киши бўлган. Волковнинг фикрича, кўпроқ одамни қўлга олиш мақсадида тинтув учун атайлаб шу вақт танланган.

Волков сўнгги уч ой ичида илк марта, тинтувга келишларидан 20 дақиқа олдин хайрия маблағлари қабул қилинадиган карта блоклангани ҳақида маълум қилган.

Фонд асосчиси Алексей Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш эса сиёсатчи қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, «Навальный LIVE» студиясида ҳам тинтув ишлари бошланган.

2019 йилнинг августидан буён Тергов қўмитаси Коррупцияга қарши кураш фондига нисбатан жиноий иш бўйича текширув олиб бормоқда. Тергов талқинига кўра, фонд ходимлари «жиноий йўл билан топилган пуллар»ни фонд ҳисоб рақамига ўтказишган. Аввалига гап бир миллиард рубль миқдоридаги маблағ ҳақида кетаётганди, кейин бу миқдор 75 миллион рублгача тушди. Шу туфайли фонд офисларида мунтазам равишда тинтув ишлари ўтказиб келинмоқда.

Фонд 2011 йилнинг сентябрида рўйхатдан ўтказилган. Ушбу ташкилот коррупцияга қарши текширувлар ўтказиш билан шуғулланади. Фонд хайриялар ҳисобидан молиялаштирилади. 9 сентябрь куни Россия адлия вазирлиги фондни «хорижий агентлар» рўйхатига киритганди.

Мавзуга оид