Кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади. Президентнинг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар негизида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси қошида Кадастр ва геофазовий ахборот агентлиги ташкил этилади:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси таркибидаги Давлат кадастрлари миллий маркази;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Давлат кадастрларини юритиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш;

Давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастри, манзилли реестр, ҳудудларнинг давлат кадастрини юритишни ташкил қилиш;

Ягона давлат кадастрлари тизими, Миллий географик ахборот тизими, Фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмаси, Доимий амал қилувчи турган жойни аниқловчи глобал йўлдош станциялари миллий тармоғи, кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказишнинг интеграцияланган ахборот тизими – электрон ҳукумат тизимининг базавий платформаси таркибий элементларини ишлашини таъминлаш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш, кўчмас мулкни ёппасига кадастр баҳолаш, фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани, техник бошқарув ва стандартлаштириш тизимини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш орқали такомиллаштириш;

ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг шаффоф ва умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган тизимининг амал қилишини таъминлаш;

кўчмас мулк объектларини оммавий кадастр баҳолашни ташкил қилиш ва амалга ошириш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш, кўчмас мулкни оммавий кадастр баҳолаш, фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳаларида илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш ва амалга ошириш;