22 декабрь куни Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловлар вақтида рўй берган қонунбузилиш ҳолатлари бирин-кетин маълум бўлмоқда. 25 декабрь куни Kun.uz сайтида Тошкент шаҳар Бектемир тумани 18-Висол сайлов округидаги 105-сайлов участкасида комиссия аъзолари томонидан қутига бюллетенлар ташланаётгани акс этган видео эълон қилинган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказилди.

Ҳодиса гувоҳларидан бири – ЎзЛиДеп партиясидан Халқ депутатлари Бектемир тумани кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган Умид Худойбергановнинг ваколатли вакили Раҳматилла Атаханов Kun.uz’га сайлов натижаларини сохталаштиришга сайлов участкаси мутасаддилари бош-қош бўлишганини таъкидлади. Унинг айтишича, 22 декабрь куни соат 19:40ларда уларни «Адлиядан келишди» деб бошқа хонага чақиртириб олишган, сайлов участкаси аъзолари хонада эса қолган. Раҳматилла Атаханов хонага қайтиб киришига сайлов участкаси раиси Муқаддас Аширова йўл қўймаган.

«Соат 19:20лар атрофида сайлов участкасига бордим. Озроқ ўтирдик, кейин «Адлиядан Алишер деган одам келди, ҳаммамиз чиқарканмиз, бизга гапи бор экан», дейишди. Ҳамма чиқса сайлов ўтказилаётган хона ҳам қулфланса керак деган ўйда мен ҳам чиқдим. Чиққанимдан кейин эътибор берсам, комиссия аъзолари ичкарида қолди. Кейин ортга қайтдим ва эшик олдида турган участка раисидан «Улар чиқмайдими?» деб сўрадим. «Йўқ, уларнинг иши бор», деди у. Мен ҳам комиссия аъзоси эканлигим, ичкарига кирмоқчилигимни айтсам, ичкарига ўтказмасдан эшик олдига туриб олди. Муқаддас Ашировадан ҳеч бўлмаса эшикни очиб қўйишни талаб қилдим. Орадан 3-4 дақиқа ўтгач истар-истамас эшикни қия очиб қўйди», дея ҳикоя қилади Раҳматилла Атаханов.

ЎзЛиДеПдан Халқ депутатлари Бектемир тумани кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган Умид Худойберганов бўлиб ўтган воқеалар бўйича изоҳ берди.

«105-сайлов участкасида 22 декабрь кунги сайловда бир нечта қонунбузилиш ҳолатлари бўлган. Бу вақтда мен у ерда эмасдим. Менга маълум қилишларича, адлиядан Алишер деган одам келган ва кузатувчиларнинг бейжигини текшириш мақсадида уларни алоҳида хонага чақиртирган. Сайлов комиссияси раҳбари Аширова Муқаддас барча партияларнинг кузатувчилари ва номзодларнинг ваколатли вакилларидан сайлов ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқишни талаб қилган. Вакилларимиз бунга қаршилик қилишган, аммо уларни хонага қайта киргизишмаган. Ўша вақт ичида улар нима ишлар қилгани менга қоронғи. Мен бу ҳолат юзасидан Марказий сайлов комиссиясига ҳам, Бош прокуратурага ҳам ёзма равишда мурожаат қилганман», дейди Умид Худойберганов.