Ўзбекистон | 17:15 / 28.12.2019
33938
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева муҳокамаларга сабаб бўлган видеороликка муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ

Бугун, 28 декабрь куни, Олий Мажлис Сенатида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиянинг 2019 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди.

Унда Комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисни Ўзбекистон Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борди.
 
Тадбир давомида Сенат раиси Адлия вазирлиги томонидан ажримлар тўғрисида тайёрланган ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган видеоролик ҳақида ўз фикрларини билдирди. 

“Ролик ёмон эмас, яхши ролик. Роликда боланинг изтироби кўрсатиляпти. Кичкина бир қизчанинг ота-онаси ажрашяпти. Қизчанинг кўзида дард, алам. У қиз ҳаётга нима учун келдим, нима учун ота-онам бирга бўлмайди дегандек. Битта жиҳати аёл эри билан боласини ташлаб чиқиб кетяпти. Ижтимоий тармоқдаги фаол аёлимиз айтяптики, бу ерда аёлларни дискриминация қилиняпти. Нима учун комиссия индамай турибди, деган очиқ хат ҳам ёзди”, - деди Танзила Норбоева.

У видеороликда аёлга нисбатан зўравонлик, унинг шаънига нисбатан салбий ҳолат акс этмаганлигини айтиб ўтди. 

“Бу ерда гап ажрим ҳақида. Боланинг изтироби. Боланинг нотўғри оилада қолаётгани. [Блогеримизнинг фикридаги] битта нарсага мен қўшиламан. Бизда 90 фоиз аёл болалари билан қолади. Эркак чиқиб кетади. Бу ерда аёл чиқиб кетяпти. Боласига меҳр кўрсатмасдан, боласини эрига ташлаб чиқиб кетяпти. Мана шу томондан шу блогер тўғри айтяпти. Лекин бу ерда шахсиятга тегиш, зўравонлик ҳолатлари мутлақо йўқ”, - дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид