2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, тажриба сифатида 10-11 синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланади. Тажриба синов 2019-2020 ўқув йили якунига қадар ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълум қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири буйруғи билан 2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режалар тажриба-синовдан ўтказилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2019 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”сида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режаларининг жорий этилиши белгиланган.

Вариатив ўқув режаларини жорий қилишдан мақсад ўқувчиларнинг ўзлари қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришини таъминлаш ва юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрий бўлиб, мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади.

Қуйидаги ҳолларда умумий ўрта таълим мактабларида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа жорий қилинишига йўл қўйилмайди:

ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналардан норозичилик бўлса;
умумий ўрта таълим мактаблари вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа асосида ўқитиладиган синфга тегишли фандан дарс бериш учун етарли малака ва тажрибага эга ўқитувчи билан таъминланмаган бўлса.

Танлов синфи йўналиши 10-, 11 синфлар кесимида ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказиш орқали аниқланади. Бунда бир нафар ўқувчи фақат битта йўналишни танлайди.

Ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказиш ва натижасини умумлаштириш учун мактабда танлов комиссияси тузилади. Комиссия таркибига мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, психолог, фан метод бирлашма раҳбари ва ота-оналар қўмитаси раиси киритилади. Шу билан бирга, танлов комиссияси аъзолари таркибига ўқувчиларнинг ота-оналари ва тегишли йўналишдаги фан ўқитувчилари киритилишига йўл қўйилмайди (ота-оналар қўмитаси раиси ва фан метод бирлашма раҳбари бундан мустасно).