Туркия парламенти Ливияга БМТ томонидан тан олинган ҳукуматга ёрдам бериш учун ҳарбийлар жўнатилишига рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Лекин бу турк ҳарбий қисмлари дарҳол Ливияга йўл олиши ва маршал Халифа Ҳафтарга ёрдам бераётган россиялик ёлланма жангчиларга қарши туришини англатмайди.

Ливия миллий келишув ҳукуматига ҳарбий ёрдам жўнатиш тўғрисидаги ҳужжат парламентга душанба куни тақдим этилди. Парламентдаги 325 депутат уни қўллаб овоз берган бўлса, 184 депутат қарши чиқди.  

Туркия ва Ливия Ливия миллий келишув ҳукумати ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битим ноябрь ойида ушбу ҳукумат раҳбари Фоиз Сарожнинг Анқарага ташрифи давомида имзоланганди.

2011 йилда Ливия раҳбари Муаммар Қаззофий ҳокимиятдан ағдарилиб, ўлдирилганидан кейин мамлакатда бир-бирига қарши урушадиган қўшҳукмронлик вужудга келган: Ғарбда пойтахт Триполи атрофида шаклланган, БМТ томонидан тан олинган Сарож бошчилигидаги ҳукумат, шарқда Бенгазини марказ қилган, амалда маршал Халифа Ҳафта томонидан бошқариладиган парламент ҳукумати.

Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси 2019 йилнинг апрель ойида Триполига юриш бошлаганди, аммо ҳали натижага эриша олмаган.

Ташқаридаги кузатувчилар тасдиқлашича, Триполидаги ҳукуматни Туркиядан ташқари, Қатар, Италия ва АҚШ, Халифа Ҳафтарни эса Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания, Франция ва Россия қўллаб-қувватлайди.

Эрдўған Ливия ҳукумати билан денгиз ҳудудидан фойдаланиш бўйича ҳам келишув тузган.
Бу нефть ва газ ҳавзаларида ишлаш учун муҳим / AFP

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бир неча марта Ливия шарқида россиялик ёлланма ҳарбийлар («Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари) жойлашганига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратганди.

Расмий Москва эса маршал Ҳафтарни қўллаб-қувватлашини тан олмай келади. Расман Россия БМТ томонидан тан олинган ҳукуматни қўллаб-қувватлашини билдирсада, амалда Ҳафтар Москвага сафарлар қилади.

Қайд этиш керакки, Туркия ҳукуматининг Триполига ёрдам бериш қарори турк ҳарбийлари Ливияга россияликлар билан юзма-юз жанг қилиши учун жўнатилаётганини англатмайди.

Халқаро кузатувчиларнинг фикрича, Анқара россиялик ҳарбийлар ёки ёлланма жангчилар билан тўғридан-тўғри тўқнашувлардан имкон қадар қочишга ҳаракат қилади. Агар россияликлар у ерда чиндан бўлса, Туркия Сурияда бўлгани каби улар билан тўқнашувдан сақланади.